Ссылки доступа

Тожикистоннинг 830 нафар фуқароси Польшадан бошпана сўради


Европа Иттифоқи статистика агентлиги - Евростат Европа Иттифоқига аъзо мамлакатлар ҳудудларида бошпана сўраш билан боғлиқ янги маълумотларни эълон қилди. Маълум бўлишича, Польшадан бошпана сўраганларнинг 8 фоизи, ёки 830 киши Тожикистон фуқаролари экан.

2014 йилга қадар бу каби илтимослар қамрови кам эди – ўшанда 105 нафар тожикистонлик Европа Иттифоқи мамлакатларидан бошпана сўраган эди. Тожикистон Ислом Уйғониш партияси тақиққа учраган 2015 йилдан кейин тожикистонлик бошпана сўровчилар сони бирданига ошиб кетди.

Мамлакат мудофаа вазирининг собиқ ўринбосари Абдуҳалим Назарзода исён кўтарганидан кейин ТИУП давлат тўнтариши уюштиришда айбланди ва кўп ўтмай Олий суд партияни террор ташкилоти дея эълон қилди ҳамда республика ҳудудларида унинг фаолиятини тақиқлади. Ҳуқуқ ҳимоячиларининг сўзларига қараганда, Европага қочиб кетганларнинг кўпчилигини ТИУП тарафдорлари ташкил қилади. Ҳозирча Польша Тожикистоннинг нечта фуқаросига бошпана бергани аниқ эмас.

Қочқинлар билан ишлайдиган Варшавадаги инсон ҳуқуқлари бўйича Хельсинки жамғармаси бошпана сўраган Тожикистон фуқароларига рад жавоби берилгани сабаб, уларнинг ҳуқуқларини судда ҳимоя қилмоқда. Уларнинг айримлари Германияга ўтиб, Европанинг мазкур давлатидан бошпана сўрашган. Бироқ, бу ерда ҳам рад жавобини олишган.

Тожикистонда Польша ва Европанинг бошқа мамлакатларидан бошпана сўраётганлар мамлакатда таъқиб қилинмаётганини, улар иқтисодий нуқтаи назардан бошпана сўраётганларини айтишади.

XS
SM
MD
LG