Ссылки доступа

Россияда коррупцияга қарши митингларда ҳибсга олишлар бошланди


Россияда сиёсатчи Алексей Навальний тарафдорлари аксилкоррупция намойишига чиқди. Полиция намойиш иштирокчиларини ушлашни бошлади.

Владивосток марказида муҳолифатнинг рухсат берилмаган митингида иштирок этган 11 киши ушланди. Полициянинг махсус бўлинмаси (ОМОН) ходимлари ва намойишчилар ўртасида тўқнашув бўлиб ўтди. Ушланганлар орасида мухолифат фаоли Максим Шинкаренко ҳам бор. У «Димон, кўзимдан йўқол» деган сўзлар ёзилган плакатни кўтариб олган эди. Навальнийнинг маҳаллий штаби мувоффиқлаштирувчиси, шаҳар думаси депутати Юрий Кучин полиция томонидан намойиш бошланмасдан олдин ушланган эди.

Владивосток марказидаги митинг рухсат олинмаган ҳолда ўтказилди. Расмийлар ташкилотчиларга шаҳар четидан жой ажратди, бироқ фаоллар у ерда намойиш ўтказишдан воз кечишди. Намойишчиларни тарқатишда казаклар ҳам иштирок этди. Улар бир нечта фаолни калтаклашди, дея хабар беради "Медиазона".

Благовещенскда рухсат берилмаган намойишда иштирок этган камида тўрт киши ушланди. Улардан бирининг қўлида «Коррупциясиз Россия» деган сўзлар ёзилган плакат бор эди. Бу хақда "ОВД-Инфо" хабар берди.

Қозонда расмийлар шаҳар четида намойиш ўтказиш учун эрталабки 7да рухсат беришди. Бу ерда намойиш ташкилотчиси ушланди. Митингда таҳминан 400га яқин киши иштирок этди. Намойишлар Барнаул, Красноярск, Новосибирск, Улан-Удэ, Хабаровск шаҳарларида ҳам ўтказилди.

Куни кеча Алексей Навальний баёнот бериб, ҳокимият билан келишилган ҳолда Сахаров проспектида ўтадиган намойиш расмийларнинг босими остида бекор қилинганини маълум қилди. Унинг айтишича, расмийлар митингда овоз кучайтиргич аппаратура ва видеоэкранлардан фойдаланишга рухсат беришмаган.

Навальний ўз блогида тарафдорларига мурожаат қилиб, тинч намойиш ўтказиш учун шаҳар марказидаги Твер кўчасига чиқишга чақирди. Москва ҳокимияти митинг ўтказиладиган жойнинг ўзгартирилиши қонунга хилоф эканлигини айтди ва «ҳуқуқбузувчиларга нисбатан кескин чора кўрилиши» ҳақида баёнот берди. Эслатиб ўтамиз, 26 март куни Москвада бўлиб ўтган коррупцияга қарши митингда иштирок этган мингдан ортиқ киши ушланган эди.

XS
SM
MD
LG