Ссылки доступа

"Фергана.ру" сайти вақтинча Бобоқулов билан ҳамкорликни тўxтатди


"Фергана.ру" сайти Қирғизистондаги мухбири Улуғбек Бобоқулов билан ҳамкорликни вақтинча тўxтатди. Бу ҳақда ахборот агентлиги 11 июнь куни баёнот берди.

"Улуғбек Бобоқуловнинг иши бўйича тергов тугагунига қадар биз бу журналист билан алоқаларни тўхтатамиз. Ҳеч ким биздан ўзининг шахсий манфаатлари йўлида фойдаланиш ва судга босим кўрсатади, дея терговдаги шахсга минбар бераётганимиздан шубҳа қилмаслиги керак. Шу сабабли "Фергана.ру" Қирғизистонда ўз мухбирининг бўшаб қолган лавозими ҳақида эълон қилади», дейилади баёнот матнида.

Нашр бош муҳаррри Даниил Кислов сайт Қирғизистонда блокировка қилиниши ва Улуғбек Бобоқуловга нисбатан жиноий иш қўзғатилганини медиа-ресурс фаолиятига тўсиқ қўйилиш сифатида баҳолади. У «бу фактлар бизнинг нашр ва бизнинг ходимимизга қарши уруш бошланганидан, қоралаш ва ёмонотлиқ қилиш кампанияси бошланганидан далолат беради», деб ёзди.

Унинг сўзларига қараганда, Бишкек шаҳар Октябрь туман суди қарорига биноан 10 июндан бошлаб Қирғизистонда "Фергана.ру" сайтига кириш блокировка қилинди. Бугун веб-портал мобил телефонларнинг айрим моделларидагина очилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, ҚР МХДҚ тергов бошқармаси журналист Улуғбек Бобоқуловга нисбатан жиноий иш очди. Филолог- политология экспертизаларига қараганда, унинг «мақолаларида миллатлараро низолар, миллий қадриятларни камситишга қаратилган чақириқлар борлиги аниқланган».

XS
SM
MD
LG