Ссылки доступа

Пуэрто-Рико аҳолиси АҚШ таркибига кириш учун овоз берди


Якшанба куни бўлиб ўтган референдумда Пуэрто-Рико аҳолиси овозларнинг аксарият кўпчилиги билан АҚШ таркибига 51-штат сифатида қўшилиш истагини билдирди.

Бу вариантни ярим миллион сайловчи қўллаб-қувватлади. Бюллетенларда мавжуд бўлган бошқа икки опция – тўла суверенитет ва “АҚШ билан биргаликда”ги ҳозирги мақомни сақлаб қолиш тегишлича, 7600 ва 6700 та овоз тўплади. Сайловга келиш меъёри 23 фоизни ташкил этди, холос. Бу – оролдаги бир қатор партиялар бойкот қилишга чақирган референдум якунларининг қонунийлигига шубҳа уйғотади.

Кариб ороли аҳолисининг хоҳиш-истаги фақат АҚШ Конгрессининг ҳар икки палатаси овоз бериш натижаларини овозларнинг оддий кўпчилиги билан маъқуллагандагина, қонуний кучга кириши мумкин. Пуэрто-Рико губернаторининг айтишича, бутун дунёда демократия принципларини ҳимоя қилувчи АҚШ агар бу гал унга амал қилмаса, ғалати бўлади.

Роппа-роса юз йил олдин Пуэрто-Рико аҳолисига АҚШ фуқаролиги тақдим этилган эди, лекин улар президент сайловида иштирок этолмайдилар ва Конгрессга фақат бир нафар вакилини юбора олади, бу вакил ҳам чекланган ваколатларга эга бўлади. Орол аҳолиси федерал даромад солиғи тўламайди, айни пайтда улар бошқа штатларга қараганда марказдан камроқ дотация олишади.

XS
SM
MD
LG