Ссылки доступа

Россияда аксилкоррупция намойишларида 1400 киши ушланди


Россиянинг ўнлаб шаҳарларида сиёсатчи Алексей Навальний тарафдорлари томонидан коррупцияга қарши оммавий намойишлар бўлиб ўтди. Полиция рухсат берилган ва рухсат берилмаган намойишлар иштирокчиларини ушлади.

Москвада, сўнгги хабарларга қараганда, 700дан ортиқ, Санкт-Петербургда эса 500га яқин киши ушланди. Полиция куч ишлатди. Россиянинг бошқа шаҳарларида 140дан ортиқ киши ушланди. Қўлга олинганларнинг умумий сони 1400 кишидан ошиб кетди.

Навальнийнинг ўзи эса намойиш бошланишидан аввал Москвадаги уйининг йўлакчасида қўлга олинган эди. У намойиш ўтказиш қоидаларини бузгани учун 30 кун маъмурий ҳибсда ушлаб турилиши мумкин. Коррупцияга қарши кураш жамғармаси (КҚК) биносида номаълум шахслар электр қуввати ва интернетни ўчириб қўйди.

Бундан аввал Навальний Академик Сахаров проспектида рухсат берилган митинг бекор қилиниши ҳақида маълум қилган эди. Бунинг ўрнига у ўз тарафдорларини Тверь кўчасига тинч намойиш ўтказишга чақирган эди. Москва шаҳар мэрияси муҳолифатга Тверь кўчасида плакат ва шиорларсиз «сайр қилиш»га рухсат берди.

12 июнь куни бўлиб ўтган намойишга КҚК томонидан суратга олинган тадқиқот-фильм сабаб бўлди. Бу фильмда Россия ҳукумати раиси Дмитрий Медведевга тегишли деб айтилаётган кўчмас мулк ҳақида ҳикоя қилинади. 26 март куни Россиянинг ўнлаб шаҳарларида бўлиб ўтган шу каби норозилик намойишларида бир ярим мингга яқин киши ушланган эди.

XS
SM
MD
LG