Ссылки доступа

Ногиронларни алдаган тожик «хайриячилари» қамоққа жўнатилди


Душанбе шаҳар суди хайрия ташкилотлари ходимлари сифатида 35 нафар ногироннинг ишончига кирган ва юз минглаб сомонини ўзлаштирган шахсларни турли муддатга озодликдан маҳрум қилди.

Суд қарорига биноан, Саёҳат Созибназарова, Маҳмуджон Носиров ва Билолиддин Мудинов жиноят («Катта миқдордаги фирибгарлик») содир этганликда айбдор деб топилдилар ва 9 йилдан 11 йилгача бўлган муддатга озодликдан маҳрум қилиндилар. Ҳукм қилинганлар ва уларнинг адвокатлари чиқарилган суд ҳукмидан норози эканликларини айтишди ва юқори суд инстанцияларига шикоят аризаси ёзишларни билдиришди.

Улар ногиронларга 3 литр ёғ ва 50 сомони миқдорида «ёрдам» кўрсатишган. Шунингдек, уй, ногиронларга машина ва санаторийга путёвка ваъда қилишган. Бунинг эвазига 200 минг сомонидан ортиқ пулни ўзлаштиришган.

ИИВ хабарларига қараганда, биргина Нуробод туманида 13 киши фирибгарларнинг домига тушиб қолган. Улар ўз қўллари билан фирибгарларга 50 минг сомонини топширишган.

Тожикистон ИИВ матбуот котиби Умаржон Эмомалининг айтишича, ҳибсга олинганлар ўзларини «Ногиронларга ёрдам» хайрия ташкилотининг ходимлари деб таништиришган ва бунинг сохта муҳрлардан фойдаланишган.

XS
SM
MD
LG