Ссылки доступа

Абдулазиз Карим Ўзбекистон чегара хизматчисини «халқ душмани» деб атади (видео)


Туркия фуқаролигини олган ўзбек санъаткори Абдулазиз Карим ижтимоий тармоқлар орқали видеочиқиш қилиб, Ўзбекистон чегарачисини “халқ душмани” деб атади. 44 яшар санъаткорнинг айтишича, унинг бундай чиқишига исми аниқланмаган Ўзбекистон чегарачисининг "ноқонуний хатти-ҳаракатлари сабаб бўлган".

Xонанданинг даъво қилишича, ўзбек чегарачиси унинг Туркиядан Ўзбекистонга қайтган 76 ёшли отаси Сирожиддин Каримовни 10 июнь куни Ўзбекистоннинг Қозоғистон билан давлат чегарасидаги "Ғишткўприк" назорат-ўтказиш масканида ҳибсга олган.

"76 га кирган отамга шпионаж, чегарани бузиб ўтиш бўҳтонлари билан иддао қилинди. Ва кечга томон РОВДнинг панжарали машинасига солиниб, Зангиота тумани милиция бўлимига таслим қилинди", - дейди Абдулазиз Карим ижтимоий тармоқларда тарқалган видеода.

Унинг айтишича, ички ишлар ходимлари отасини тергов қилиш чоғида унга нисбатан жиноий иш очилишини маълум қилиб, паспортини олиб қўйган.

"Мен шу ўринда чегарачига савол бермоқчи эдим: сен қайси виждон билан рўзаи рамазон кунлари 76 га кирган қари инсонга шунақа туҳмат, бўҳтон қиласан?.. Нима унинг айби Абдулазиз Каримнинг отаси бўлганими? Бўлмаса, ана 2- синфда ўқийдиган қизим бор, униям бориб қамагин. Сен ҳақиқий халқ душманисан!", - дейди қўшиқчи Ўзбекистон чегарачиларига йўллаган мурожаатида.

Абдулазиз Каримнинг гапига қўра, унинг отаси сўнгги икки йил давомида Истанбул шаҳрида истиқомат қилаётган ўғлининг ёнида бўлган. Ички ишлар ходимлари қўшиқчининг отасини муддати ўтиб кетган чиқиш визасидан фойдаланишда айблаганлар.

XS
SM
MD
LG