Ссылки доступа

Туркияда фоҳишабозлик учун Марказий Осиёлик аёллар ҳибсга олинди


Машҳур Бодрум курорт шаҳрида фоҳишаликда гумон қилинган 6 нафар аёл ҳибсга олинди. Улардан бири Туркманистон фуқароси экани айтилмоқда. Улар билан бирга воситачилик қилган Туркиянинг икки фуқароси ҳам қўлга олинди.

Бодрум полиция вакиллари шаҳарга бир ой аввал дам олиш учун келган ва фоҳишалик билан шуғулланган аёлларни икки ҳафта мобайнида кузатиб борган. Қўлга олинганларнинг уч нафари Қирғизистон, икки нафари Россия ва бир нафари Туркманистон фуқароси экани маълум қилинди.

Аниқланишича, турли касб эгалари бўлмиш аёллар, улардан бири ҳамшира, яна бири компьютер бўйича мутахассис ва туризм бўйича агент, иш қидирар экан, 43-ёшли С.Б. ва 44-ёшли Х.Й. билан танишиб қолишади. Айнан улар фоҳиша сифатида аёлларни иш билан таъминлашган.

Бодрум полицияси зарур маълумотларни тўплаганидан сўнг, автомобилда жинсий хизмат кўрсатаётган икки аёлни ҳибсга олди. Яна икки аёл фуқаро либосида бўлган полиция ходимлари томонидан ушланди. Қолган аёллар Гумбет туманида жойлашган меҳмонхонада қўлга олинди.

29 ёшли Россия фуқароси, туризм бўйича агент Н.В.нинг полиция департаментидаги кўрсатмасидан: "Биз жуда ҳам қиммат меҳмонхонада дам олаётган эдик, шу сабабли пулимиз тугаб қолди. Бизга Бодрум жуда ҳам ёқиб қолди. Шундан кейин меҳмонхонада иш қидира бошладик. Бироқ яхши иш топа олмадик. Икки эркак билан танишиб қолдик ва фоҳишалик қила бошладик. Маошимизнинг ярмини воситачиларга берардик. Биргина икки ҳафта мобайнида биз 50 минг лира ёки 14 минг АҚШ доллари ишлаб олдик. Биз иш топиб, Туркияда қолишни истадик. Ҳеч ким бизни фоҳишаликка мажбурламади. Биз ҳам ҳеч кимни мажбурламадик».

Қўлга олинган аёллар Мугла вилояти полиция департаментининг миграция бўлимига олиб келиндилар. Эндиликда улар депортация қилинадилар.

XS
SM
MD
LG