Ссылки доступа

Президент келиши кутилаëтган Наманганда врачлар чопиқ ва кўча тозалашга мажбурланмоқда


Наманган вилояти Тўрақўрғон туманидаги шифокор ва ҳамширалар қишлоқ хўжалик ва ободончилик ишларига мажбурланмоқда. Озодлик билан гаплашган врачларга кўра, тиббиëтчиларни бошқа ишларга мажбурлаш Каримов давридагидан ҳам кучайган.

Тиббиёт ходимларига кўра, улар Қодиробод қишлоғидаги фермерларнинг пахтасини бир ойдан буён текинга ягана ва чопиқ қилиб келмоқда. "Мана, бугун якшанба, дам олиш куни бўлишига қарамасдан бизни яна кўча тозалашга чиқарди. Катта йўл чеккаларини тозалаяпмиз. Навбатчиликдан чарчаб чиқсак ҳам, кечгача чопиқ ва тозалаш ишларига мажбурлашаяпти. Ахир, биз 15-20 йил иш стажига эга врачу ҳамшира аёллармиз. "Соат 6.00дан кеч соат 20.00гача ишлаймиз" деган қоғозга қўл қўйдириб олишади. Ахир бизнинг ишимиз касалларни даволашку, пахта чопиш ёки кўча супуриш эмас”, деб айтилади шифокор ва ҳамшираларнинг xатида.

Ҳамширалардан бири, бош врачнинг бундай босимга норозилик билдиришга уринганларни ишдан ҳайдаш билан таҳдид қилаётганини айтади.

Тўрақўрғон тумани тиббиёт бирлашмаси бошлиғи Иқболжон Каримжонов врач ва ҳамшираларнинг дала ишларига чиқарилаётганини тан олди.

- Мен ички ободончиликка жалб қилган бўлишим мумкин. Бир-икки марта дала ишларига илтимос қилишганди, бўлган бўлиши мумкину, лекин ойлаб чиқарганим йўқ. Ўша оғир шароитда ўт босган жойларни чопиқ қилишга илтимос қилишганди, шунга биз ўз ташаббусимиз билан чиққан эдик, деди Иқболжон Каримжонов. Шу билан бирга бош врач шифокор ва ҳамшираларнинг дала ишларига сафарбар қилинишини “умуман нотўғри” дея баҳолади.

XS
SM
MD
LG