Ссылки доступа

Путин: Россия яқин уч йилда мудофаа ҳаражатларини қисқартиради


Президент Владимир Путин берган баёнотга қараганда, яқин уч йил ичида Россия мудофаага ажратиладиган ҳаражатларни ЯИМнинг 2,8 фоизигача қисқартиради.

РИА Новости берган маълумотларга кўра, америкалик кинорежиссер Оливер Стоунга берган интервьюсида Путин ўтган йили армияга ажратилган маблағлар 3 фоизни ташкил қилганини айтган. «Бу жуда ҳам кўп», деди Путин.

Стокҳолмдаги жаҳон муаммоларини тадқиқ қилиш институти (SIPRI) маълумотларига қараганда, Россиянинг ҳарбий ҳаражатлари 2016 йилда 7,5 фоиз, яъни 66 миллиард долларгача кўпайган.

Бу Суриядаги ҳарбий кампания, Европа билан ғарбий чегараларда ҳарбий қудратни намойиш қилиш мақсадларида ҳам амалга оширилди. Шу тариқа ҳарбий ҳаражатлар бўйича Россия Саудия Арабистонини ортда қолдириб, учинчи ўринга чиқиб олди. Бу борада биринчи ва иккинчи ўринда АҚШ ва Хитой туради.

РБК маълумотларига кўра, 2015 йилнинг 30 сентябридан 2016 йилнинг 30 сентябрига қадар Россия Суриядаги ҳарбий ҳаракатлар учун 58 миллиард рубл сарфлаган.

Оливер Стоуннинг«Путин билан интервью» деб номланган ҳужжатли кўрсатуви шу кунларда Американинг Showtime кабель каналида намойиш қилинмоқда.

XS
SM
MD
LG