Ссылки доступа

Ўзбекистонда ҳайдовчиларни милиция ходимларини текинга олиб бориб қўйишга мажбурлашмоқда


Ўзбекистоннинг Андижон шаҳрида "Дамас" автомобиллари ҳайдовчиларини кечаси билан кўнгилли-мажбурий асосда навбатчилик қилишга, йўл-патрул хизмати ходимларини шаҳарнинг назорат постларигача текинга олиб бориб қўйишга мажбур қилишмоқда.

“Озодлик”нинг муҳбири билан бўлиб ўтган телефон суҳбатида Андижон вилояти бўйича Йўл ҳаракати хавфсизлиги Бошқармаси ходими шаҳарда “Тинчлик посбонлари” номли тадбир ўтказилаётгани ва балки ана шунинг доирасида “Дамас” ҳайдовчиларидан ёрдам беришни илтимос қилинганлиги тўғрисида маълум қилди.

Андижонлик ҳайдовчилардан бири у ва унинг ҳамкасблари кундузи йўловчиларни ташиётгани, кечаси эса уларни милиция ходимларини текинга жойига олиб бориб қўйишга мажбур қилишаётгани борасида шикоят қилди:

"Тўртта милиция ходими машинага ўтиришади ва “Бўлди кетдик” дейишади. Шундай қилиб эрталаб 5 гача биз уларни постларга олиб бориб қўямиз. Баъзи ҳайдовчилар ўз автомобилларининг томига сиреналар ўрнатишди. Биз бундан жуда норозимиз ", – деди андижонлик ҳайдовчи.

Унинг гапларимга қараганда, милиция ходимларининг талабларини бажаришдан бош тортган ҳайдовчиларни жарима тўлаш ва автомобилни жарима майдончасига олиб бориб қўйиш билан қўрқитишмоқда.

XS
SM
MD
LG