Ссылки доступа

Ўзбекистонда «қора рўйхатда»ги мусулмонларнинг иши қайта кўриб чиқилади


15 июнь куни Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев диний намоёндалар иштирокида видеоселектор мажлисини ўтказди. 10 мингдан ортиқ киши иштирок этган мажлис иштирокчиларидан бирининг айтишича, давлат раҳбари «қора рўйҳат» деб аталмиш рўйхатга киритилган мусулмонларнинг иши қайта кўриб чиқилиши борасида айтган.

Андижонлик имомнинг айтишича, мажлисда асосан президентнинг ўзи гапирган ва «қора рўйхат»даги мусулмонларнинг иши қайта кўриб чиқилиши зарурлигини таъкидлаган.

– "Озгина хатоси учун, телефонида биттасига билиб-билмай бирор нарса кўрсатиб, жўнатиб қўйгани учун ҳам оқимчига чиқариб, рўйхатга қўшилаверган, ўзи яхши, тоза одам бўлса ҳам. Бу рўйхатдагиларнинг ҳаммаси билан гаплашиб, текшириб, оқлайсизлар. Йилнинг охирида менга ҳисоботини берасизлар, деб айтди", деди селектор мажлиси иштирокчиси бўлган имом.

Бундан ташқари, ушбу йиғинда президент республиканинг ҳар бир туманида 10 кишилик махсус комиссия тузилишини айтган.

"ИИВ, МХХ, прокуратура, ҳокимият, маҳалла, масжид ва ҳоказо ташкилотлардан бир кишидан - жами 10 кишилик гуруҳлар тузиб, рўйхатга тушганлар билан бирма-бир гаплашасизлар, тарғибот-ташвиқот қиласизлар, деди. Текшириб, яхшиларни рўйхатдан чиқариб, озгина хато қилганларни аниқлаб, оқлайсизлар. Бунда имомлар ўткир, фаол бўлинглар, деди. Йил охирида ҳисоботини оламан, деди президент",- деб айтди андижонлик имом.

XS
SM
MD
LG