Ссылки доступа

Қозоғистонда пенсиялар босқичма-босқич оширилади


Қозоғистон Президенти Нурсултон Назарбоев ижтимоий таъминот масалаларига бағишланган қонунга ўзгартиш киритишни имзолади, унга кўра пенсиялар босқичма-босқич оширилади. Қабул қилинган ўзгартишга кўра, бола туғилганда бериладиган бир марталик пул миқдори ҳам оширилади.

Бу қонунга кўра, шу йилнинг 1 июлидан бошлаб асосий ва қўшимча пенсиялар миқдори 11 ва 13 фоизга оширилади. «Энг кам пенсия миқдори 40 минг 950 тенге (тахминан 125 доллар)ни ташкил қилади. Бу барча пенсионерларга тааллуқли», — деган эди Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазири Тамара Дуйсенова.

Ўтган йили ҳукуматнинг пенсия миқдорини ошириш борасидаги баёноти Ягона Тўпланган Пенсия Жамғармаси (ЯТПЖ) томонидан 71,3 миллиард тенге (225 миллион доллар) миқдорида сармоя ётқизилган хорижий банкнинг касодга учраши билан бир вақтга тўғри келиб қолган ва бу қозоғистонликларнинг ташвишларига сабаб бўлган эди.

ЯТПЖда қозоғистонликларнинг пенсия маблағлари тўпланади: қонунларга кўра, ҳар бир меҳнат билан машғул фуқаронинг ойлик маошининг 10 фоизи бу жамғармага келиб тушади.

Расмийларнинг айтишича, мамлакатда 2 миллиондан ортиқ пенсионер бор. Пенсия ва нафақаларнинг оширилишига, расмийларнинг сўзларига кўра, 81,6 миллиард тенге йўналтирилади.

XS
SM
MD
LG