Ссылки доступа

Ўзбекистон гидроэнергетикага миллиардлаб доллар ажратади


Ислом Каримов ҳукмронлиги даврида бир қатор сув лойиҳаларига қарши бўлган Ўзбекистон гидроэнергетика ривожи йўлида 4,3 миллиард долларга яқин маблағ ажратишга тайёрлигини билдирди.

Май ойи бошларида Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев мамлакат қайта тикланувчи энергиялар ривожи йўлида ҳаракат қилиши борасида баёнот берди. Июнь ойи бошларида эса Мирзиёев мамлакатда гидроэнергетикани ривожлантиришга қаратилган чора-тадбирлар дастури тўғрисидаги фармойишни имзолади. Бу дастурга кўра, Ўзбекистон 2021 йилга қадар 18 та янги ГЭС қуришни режалаштирмоқда ва гидроэлектростанцияларни модернизациялаш учун 14 лойиҳани ҳаётга татбиқ этиш йўлида 2,65 миллиард доллар ажратмоқда.

Май ойида Шавкат Мирзиёев Сирдарё вилоятига ташриф буюрди ва бу ерда 15 МВт қувватга эга янги ГЭС қурилиши ҳақида маълум қилди.

Давлат дастурига кўра, бу гидроэнергетика лойиҳалари ишга тушгач, мамлакат энергетика мувозанатида гидроэнергетиканинг улуши 15,8 фоизни ташкил қилади (айни дамда – 12,7 фоиз).

Ўзбекистон собиқ президенти Ислом Каримов Тожикистонда Роғун ГЭСи ва Қирғистондаги «Қамбар ота» гидроэлектростанцияси қурилишига кескин қарши чиқиб келарди. Президент Шавкат Мирзиёев ҳукумати ҳозирча мазкур йирик ГЭСларга нисбатан ўзининг расмий қарашини билдирганича йўқ.

XS
SM
MD
LG