Ссылки доступа

Ўзбекистонда маданий қадриятларни хориждан қайтариш Маркази ташкил этилди


Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 20 июнда Вазирлар Маҳкамаси қошида хорижда сақланаётган ва Ўзбекистонга тегишли бўлган маданий қадриятларни ўрганиш бўйича махсус марказ очилиши учун асос бўладиган Қарорга имзо чекди.

Маданият вазирлиги мутахассислари гапига кўра, Марказ вазифалари орасида хорижда сақланаётган ва Ўзбекистон билан боғлиқ бўлган маданий қадриятлар тўғрисидаги маълумотлар банкини яратиш, уларни илмий ўрганиш ўрин олган. Бундан ташқари марказ маданий қадриятларни олиб кириш ва олиб чиқиш борасидаги қонунчиликка риоя қилиш ва унинг самарадорлигини таҳлил қилиш билан шуғулланади.

– Бундай марказни яратиш ҳақидаги таклиф бизнинг вазирлик томонидан таклиф этилди, энди эса президент ўзининг қарори билан буни тасдиқлади. Ҳозирги вақтда бизнинг кўпчилик бебаҳо экспонатларимиз ва бошқа тарихий-маданий қадриятларимиз хорижда, асосан Россияда сақланиб келмоқда. Президентнинг қарори ана шу экпонатларнинг аниқ нусхаларини олиш ва уларни илмий ўрганиб чиқишни назарда тутади, – деди Ўзбекистон маданият вазирлиги мутахассиси.

Президент қарорида шунингдек ушбу қадрияларни мамлакатга қайтариш бўйича зарур бўлган чора-тадбирларни кўриш ва музокараларни олиб бориш тўғрисида гап кетади.

– Маълумки, совет йилларида кўпчилик бебаҳо экспонатлар, хусусан, Хива, Самарқанд ва Бухородаги музейларда, шунингдек бошқа собиқ ўзбек хонликларининг марказларида сақланиб келинган тилла буюмлар Ленинградга олиб чиқиб кетилган эди. Бунуги кунда уларнинг аксарияти Эрмитажнинг Шарқий бўлимида сақланмоқда. Бизнинг президент вақт ўтиши билан бу экспонатлар Ватанига қайтиб келишига эришмоқчи. Бироқ унинг қарорида улар айнан ҳозир қайтарилиши лозимлиги тўғрисида гап бормайди. Ҳужжатда уларнинг қайтарилиши йўлларини ўрганиш зарурияти тўғрисида айтиб ўтилган, – деди Ўзбекистон маданият вазирлиги мутахассиси.

XS
SM
MD
LG