Ссылки доступа

Душанбе ва Тошкент ўзаро электр энергия етказиб беришга тайёр


Тожикистон ҳукумати Ўзбекистон ва Марказий Осиёнинг бошқа мамлакатлари билан электр энергияси импорти ва экспортини йўлга қўйишга тайёр. Бу ҳақда 25 июль куни Тожикистон Энергетика ва сув ресурслари вазири Усмонали Усмонзода баён қилди.

– Афсуски, Ўзбекистон билан чегарадош туманларда электр узатиш линиялари бузилган ва шунинг учун баъзи участкалар ва кичик станцияларда таъмирлаш ишларини амалга ошириш зарур, – деди Тожикистон энергетика раҳбари.

Вазирнинг сўзларига кўра, «Барки Точик» холдинги мутахассислари яқинда «Регар» кичик станциясини текширишди ва носозликларни бартараф қилишди. Ўзбекистонлик энергетиклар Сурхондарё вилояти ҳудудидаги ўн йил олдин бузилган энергия узатиш линиясининг таъмирини тугатишга ваъда бердилар, деди Усмонали Усмонзода.

Энергетика вазирлиги раҳбари Душанбе ва Тошкент Ўзбекистон билан чегарадош Хатлон ва Сўғд областларидаги электр узатиш линияларини тиклаш ҳақида келишиб олганлиги тўғрисида хабар қилди.

Расмий маълумотларга кўра, Тожикистон ёз фасли даврида қўшни мамлакатларга 5 млрд. кВт атрофида электр энергияси экспорт қилиши мумкин.

Йил бошида Осиё тараққиёт банки Марказий Осиё мамлакатларига минтақанинг совет даврида яратилган ва қўшни мамлакатлар умумий энергия қувватидан фойдаланиши ҳамда электр етишмовчилиги билан боғлиқ муаммоларга дуч келмаслигига имкон берувчи ягона энергия тизимини тиклаш бўйича мулоқот ўтказишни таклиф қилган эди.

XS
SM
MD
LG