Ссылки доступа

Россия Сурияда янги “хавфсизлик ҳудуди” ташкил этишни маълум қилди


Россия мудофаа вазирлиги Сурия муҳолифати билан Хомс шаҳри шимолида хавфсизлик ҳудудини яратиш борасида келишиб олганини маълум қилди. Россия мудофаа вазирлигининг расмий вакили Игорь Конашенковнинг айтишича, ўт очишни тўхтатиш ҳақидаги келишув пайшанба, 3 август куни кун ярмида кучга кирди.

Унинг таъкидлашича, кескинликни юмшатиш ҳудудлари деб аталмиш зоналар 147 минг аҳоли истиқомат қиладиган ўнлаб аҳоли пунктларини қамраб олади.

Хомс вилоятининг шимолий ҳудудлари яқинда Сурия қўшинлари томонидан ўққа тутилган, Сурия ва Россия авиациясининг зарбасига учраган эди.

Бу ҳудуд Россия ташаббуси билан ташкил этилган тўртта кескинликни юмшатиш ҳудудларидан бири ҳисобланади. Сурия жанубий-ғарбидаги иккита ҳудуд, Конашенковнинг сўзларига кўра, «муваффақиятли фаолият юритмоқда».

Россия, Туркия ва Эрон томонидан Остонада бўлиб ўтган тинчлик музокараларида ишлаб чиқилган режага кўра, тўртинчи хавфсизлик ҳудуди мамлакат шимолий-ғарбидаги Идлиб вилоятида фаолият юритиши керак. Бироқ сулҳнинг амал қилиши Туркия томонидан бу ҳудудларнинг чегараси борасидаги эътироз туфайли амалга ошмаяпти.

Россия 2015 йилдан президент Башар Асад қўшинларини қўллаб-қувватлаб келмоқда. Эрон ҳам муҳолифатга қарши курашда Асадни қўллаб-қувватлайди. Маълумки, муҳолифатчиларнинг айрим қисмини Туркия қўллайди.

Анқара бир неча бор Сурия раҳбари ўзгариши кераклигини талаб қилган. 2011 йилдан бери Сурияда давом этаётган уруш оқибатида юз минглаб кишилар ҳалок бўлди. Миллионлаб кишилар ўз уйларини ташлаб кетишга мажбур бўлган.

XS
SM
MD
LG