Ссылки доступа

Москва ва Петербургда Али Ферузни қўллаб-қувватловчи намойишлар ўтказилди


Москва, Петербург, Вильнюс ва Берлинда “Новая газета” мухбири Али Ферузни қўллаб-қувватловчи якка тартибда пикетлар бўлиб ўтди. Маълумки, суд қарорига кўра, Али Феруз Ўзбекистонга депортация қилиниши керак. Москвада Россия президентининг маъмурияти биноси олдида полиция тўрт нафар фаолни ушлади.

Ферузни “Чегара билмас муxбирлар”, Amnesty International ва Human Rights Watch каби халқаро ҳуқуқ ҳимояси билан шуғулланувчи ташкилотлар ҳимоя қилиб чиқди. Ҳуқуқ ҳимоячиларининг фикрича, журналист Ўзбекистонда қийноқларга солиниши мумкин. "Новая газета" муҳарририяти Ферузни Европа Иттифоқига аъзо мамлакатлардан бирига олиб чиқиш масаласида музокаралар олиб бормоқда. Бунинг учун унга Қизил Хоч паспорти керак бўлади.

Инсон ҳуқуқлари бўйича Кенгаш Ферузни мамлакатдан чиқариб юборилишини Россия Конституциясини бузиш сифатида талқин қилмоқда. Кремл баёнот бериб, ҳукумат журналистнинг миграция қонунчилигини бузганига “кўз юмиб” турмаслигини айтди.

Али Феруз (Худоберди Нурматов) сешанба куни “Новая газета” таҳририяти биноси олдида ушланган эди. Бир кун аввал эса у ўзига Россияда сиёсий бошпана берилишини рад этиб қарор чиқарилганлиги устидан судга аппеляция берган эди.

Москванинг Басман туман суди 1 август куни Ферузни Россиядан Ўзбекистонга депортация қилишга қарор қилди ва унга Россия миграция қонунини бузгани учун беш минг рубль жарима солди. Суд мажлисидан сўнг журналист ўзини ўлдиришга уринди.

Ўзбекистон фуқароси Худойберди Нурматов (Ферузнинг ҳақиқий исми) март ойининг ўрталарида миграция қонунини бузгани учун Москвада ушланган эди. 2012 йилда унинг паспортини ўғирлашган. У ҳужжатларини тиклаш учун ватанига бора олмайди. Нурматовнинг сўзларига қараганда, Ўзбекистонда унга нисбатан террорчилик ташкилотлари билан ҳамкорлик қилганликда айб қўйилиши мумкин.

XS
SM
MD
LG