Ссылки доступа

Тожикистон делегацияси Эрон президентининг инаугурация маросимида иштирок этади


Энергетика ва сув ресурслари вазири Усмонали Усмонзода бошчилигидаги Тожикистон расмий делегацияси Эрон президенти Ҳасан Руҳонийнинг инаугурация маросимида иштирок этади.

Тадбир 5 август куни Эрон парламентининг биносида бўлиб ўтади. Ҳасан Руҳонийнинг бундан тўрт йил аввал бўлиб ўтган инаугурация маросимида Тожикистон делегациясига президент Эмомали Раҳмон бошчилик қилган эди.

Ҳукуматдаги манбанинг 4 август куни маълум қилишича, ташриф доирасида икки томонлама инқирозларни бартараф этиш мақсадида тожик-эрон музокаралари бўлиб ўтади. Усмонали Усмонзода айни дамда икки мамлакат ҳукуматларароо комиссиясида тожик делегациясига раҳбарлик қилади.

Тожикистоннинг Эрондаги собиқ элчиси Рамазон Мирзоевнинг айтишича, Тожикистон делегациясининг Ҳасан Руҳоний инаугурация маросимида иштироки Душанбе ва Теҳрон ўртасидаги тушунмовчиликларни силлиқлашга ҳисса қўшиши мумкин. Унинг сўзларига кўра, икки мамлакат ўртасидаги дўстона муносабатларнинг қайта тикланишига ҳеч қандай тўсиқ йўқ ва барча масалаларни музокоралар йўли билан ҳал қилиш мумкин.

Эрон ОАВнинг маълумотларига кўра, Ҳасан Руҳонийнинг инаугурация маросимида хорижий мамлакатларнинг 100дан ортиқ расмий делегацияси иштирок этади. Эроннинг 68-ёшли раҳбари Ҳасан Руҳоний май ойида бўлиб ўтган президентлик сайловида давлат раҳбарлигига иккинчи муддатга сайланган эди.

XS
SM
MD
LG