Ссылки доступа

Паспорт ололмаётган Ислом Каримовнинг жияни оч-наҳор қолди


Ўзбекистонда руҳий касалликлар шифохонасида сал кам 11 йил мажбурий ва яширин сақланган журналист, марҳум президент Ислом Каримовнинг жияни Жамшид Каримов озод этилиганидан олти ой ўтиб ҳам унга паспорт берилмаяпти.

Жамшид Каримов паспорт олишга ёрдам сўраб мамлакатни ҳозирги президенти Шавкат Мирзиёев порталига ёзган мурожаатлари ҳам жавобсиз қолаётганини айтди.

- 2006 йилни ёзида Швецияга кетиш учун ОВИРга ҳужжатларни тайёрлаётган пайтда, яъни қамалишимдан сал олдин паспортимни олиб қўйишганди. Ўшандан бери паспортсизман. Қизим президент порталига паспорт олишимга ёрдам сўраб мурожаат қилди, жавоб бўлмади. Атайлаб беришмаяптими ёки бу ўзбекона бюрократиями, буниси менга қоронғу. Паспортсиз мен нафақамни ҳам ололмаяпман, ишга ҳам жойлашолмаяпман, мана қўлимда қизим берган сўнгги олти минг сўмим қолди- дейди Жамшид Каримов.

Ўзбекистоннинг ўтган йил сентябр ойида оламдан ўтган президенти Ислом Каримовнинг жияни бўлган Жамшид Каримов Жиззахда яшайди. Ислом Каримов акаси Арслон Каримовнинг ўғли бўлган журналист президент амакисини ошкора танқид қилгани учун, расмийлар томонидан тазйиққа учраган ва руҳий касалликлар шифохонасига мажбуран ётқизилган эди.

- Орадаги икки ойлик танаффусни ҳисобга олмаганда мен 10 йилу 5 ойни бир кишилик камерада кечирдим. Менга қўйилган ягона айб – шизофрения. Одам руҳий хаста бўлса уни йўқ қилиш керакми? Тўғриси, амакимни ўлими мен учун бир сюрприз бўлди. Мени зиндондан чиқишимга амакимни ўлими туртки бўлди, - дейди Жамшид Каримов.

Ҳеч қандай тўсиқларга қарамай, журналист ўз касбий фаолиятини давом эттириш ниятида.

XS
SM
MD
LG