Ссылки доступа

ИД жангарилари Афғонистоннинг Сарипул вилоятида 50га яқин аҳолини қатл қилди


“Ислом Давлати” (ИД) гуруҳи ва “Толибон” ҳаракати жангарилари Афғонистон шимолидаги Сарипул вилоятида 50га яқин кишини қатл қилди. Бу ҳақда вилоят губернатори Муҳаммад Заҳир маълум қилди.

Унинг сўзларига қараганда, ҳужум 3 август тунда бошланган – жангарилар хавфсизлик кучларининг Мирзо Оланг тумани яқинидаги постига ҳужум уюштирди ва шундан сўнг икки ўртада қуролли тўқнашув бўлиб ўтди. Жанг 48 соатга яқин давом этди. Қуролли тўқнашув оқибатида 7 нафар полиция ходими ва Афғон армиясининг бир аскари ҳалок бўлди.

"Жангарилар Мирза Оланг туманини эгаллаб олганидан сўнг даҳшатли қирғин уюштирди, улар 30 кишидан 40 кишигача бўлган аҳоли вакилларини ўлдиришди. Террорчиларнинг қурбонлари орасида хотин-қизлар, болалар, қариялар ҳам бор», - дея баёнот берди вилоят раҳбари “Озодлик” радиосининг афғон хизматига.

Муҳаммад Заҳир қишлоқ оқсоқолларининг гапларига таяниб, террорчилар 30дан ортиқ уйга ўт қўйганини ҳам маълум қилди. Хабарларга кўра, 25 киши бедарак йўқолган, жангарилар уларни ўзлари билан олиб кетган бўлишлари ҳам мумкин.

Сарипул вилоятининг юқори лавозимли амалдорларидан бири бўлмиш Нур Раҳмони Аминёрнинг журналистларга айтишича, ҳужумда ҳам толиблар, ҳам ИД жангарилари иштирок этган. Толибларга Мулло Нодир, ИД жангариларига эса Шермуҳаммад Газанфар қўмондонлик қилган. Бироқ толиблар қатлга ўзларининг иштирокини инкор қилиб, Шермуҳаммад Газанфар аллақачон ҳаракат сафларини тарк этганини айтишмоқда.

Сарипул вилояти губернаторининг сўзларига қараганда, маҳаллий қуролли кучлар эгаллаб олинган туманларни ўз назоратига олишга интилмоқда ва Афғонистон марказий ҳукумати Ҳарбий қуролли кучларидан ёрдам сўрадилар.

XS
SM
MD
LG