Ҳозирда тўлиқ баланд девор билан ўраб олинган қароргоҳ, тақрибан бир неча гектарни эгаллаган. Байтқўрғондаги президент қароргоҳи қурилиши боис, ўнлаб уйлар бузилган ва кўчалар кенгайтирилиб, арчалар экилган.
Қибрай туман ҳокимлиги расмийсига кўра¸ қароргоҳ буюртмачиси Ўзбекистон Президенти маъмуриятидир. Унинг яна айтишича, қурилиш ишларига президент маъмурияти раҳбарининг ўринбосари Ойбек Турсунов бош-қошдир. Ойбек Турсунов - Ўзбекистон президентининг катта куëви.
Исми сир қолиш шарти билан бир муҳандиснинг айтишича¸ қароргоҳнинг асосий битган қисми 24 июл - Шавкат Мирзиëевнинг туғилган кунида тантанали тадбир билан очилган.
- Қароргоҳнинг пардоз ишларида Аргентинадан келтирилган ва квадрат метри 500 доллар турадиган мовий мармар ва Swarovski кристаллари ишлатилди. Бино меъморий дизайннинг энг сўнгги тренди бўйича пардозланди"¸ деди муҳандис.
Қибрай туман ҳокимлиги мулозимининг айтишича, президент қароргоҳи қурилгани боис, уйлари бузилганларга компенсация тарзида ер участкаси ва коттежлар берилади.
Яқинга қадар Шавкат Мирзиëев ўзининг Қорасув- 2 массиви, Шамс кўчасидаги ховлисида яшаб келган.