Ссылки доступа

Остонада аксилроссия санкциялари таъсирини ўрганишмоқда


Қозоғистон Энергетика вазирлиги Американинг Россияга нисбатан жорий этилган янги жазо чораларининг Қозоғистон нефтгаз лойиҳаларига эҳтимолий таъсирининг оқибатлари ўрганмоқда. Бу ҳақда маҳаллий ОАВ маълум қилди.

АҚШ томонидан жорий этилган санкцияларнинг нефтгаз ва банк секторига таъсир кўрсатишидан Қозоғистон энергетика вазирлиги хавотирга тушмоқда. Муассасада санкцияларнинг «КазМунайГаз» лойиҳаларига эҳтимолий таҳдидлари ўрганилмоқда. Маълумки, «КазМунайГаз» Каспий денгизининг Россия секторидақатор лойиҳаларни амалга оширади. Бу ҳақда Tengrinews сайти хабар берди.

Қозоғистон Президенти Нурсултон Назарбоев 7 август куни ҳукумат раҳбари Бақитжан Сагинтаев билан учрашувда энергия қувватлари нархининг беқарорлиги ва Россияга қарши жорий этилган ғарб санкциялари туфайли мамлакат иқтисодиёти хатар билан тўқнашиши мумкинлиги ҳақида баёнот берган эди.

Қозоғистон Энергетика вазирлиги санкциялар Қарачаған лойиҳасига таъсир ўтказмаслигини айтмоқда, дея хабар беради Tengrinews. Бироқ акциялари Россия томони қўлида бўлган Каспий нефть қувури концерциумини кенгайтириш режалари хавф остида қолиши мумкинлигидан хавотир олинади.

АҚШ Конгресси ўтган ойнинг охирларида Америка сайловларига аралашгани, Қримни аннекция қилгани, Украина шарқидаги айирмачиларни қўллаб-қувватлашига жавоб сифатида Россияга қарши санкция тўғрисидаги қонун лойиҳасини қабул қилган эди. Қонун АҚШ президенти Дональд Трамп томонидан имзоланди. Ҳужжат Россия энергетика компанияларига чекловларни жорий қилишни кўзда тутади.

XS
SM
MD
LG