Ссылки доступа

Қозоғистонда қийноқларда айбланган беш нафар полиция ходими оқланиши сўралмоқда


9 август куни Шарқий Қозоғистон вилоят Апелляция суди беш нафар полиция ходими устидан ишни кўриб чиқа бошлади.

Полиция ходимлари шу йилнинг 1 июль куни Усть-Каменогорск шахридаги 2-сонли суд томонидан қийноққа солиш бўйича айбдор деб топилган эди. Уларнинг ҳар бири биринчи суд инстанцияси томонидан уч йил қамоқ жазосига хукм қилинган эди.

Суд хукмида таъкидланишича, Усть-Каменогорск ИИДнинг Ульбинск полиция бўлими тезкор ҳаракат ходимлари жабрдийда Ербол Касеновнинг қўлини боғлаб, ерга ётқизишган, беш полиция ходимининг икки нафари жабрдийданинг оёғига ўтириб олишган, бир полиция ходими эса унинг оёғига урган, яна бир полиция ходими эса жабрдийданинг бошига “полиэтилен пакет кийгизиб, кислороддан баҳра олишига йўл бермаган”, шу тариқа Ербол Касеновдан иқрорнома олишга эришишган. Иш бўйича материалларда таъкидланишича, Касенов кўрсатма берган ва ўғирлик айби билан уч ярим йил муддатга қамоқ жазосига ҳукм қилинган.

Полиция ходимларига чиқарилган ҳукмдан сўнг вилоят прокуратураси норозилик билдирди ва қийноққа солиш иши бўйича етарли далилий ашёлар мавжудлигига шубха қилди, ҳамда шаҳар суди томонидан чиқарилган ҳукм бекор қилинишини ва полиция ходимлари оқланишини сўради. Ҳукм қилинган полиция ходимларининг адвокатларининг ишонишича, биринчи суд инстанциясида ҳимоясида бўлганларнинг айби исботланмаган.

1 июлда эълон қилинган ҳукмдан сўнг полициянинг Ульбинск ички ишлар бўлимининг ўнлаб ходимлари вилоят прокуратураси олдида норозилик намойишига чиқишди. Улар беш нафар ҳамкасблари қийноқларда айбланганидан ҳайратга тушдилар. Полиция ходимларнинг фикрича, ҳамкасбларнинг айби мутлақо йўқ. Ҳукм қилинган полиция ходимларнинг апелляция аризасини кўриб чиқиш 11 августда давом этади.

XS
SM
MD
LG