Ссылки доступа

Тожикистонда қадимий танга контрабандаси учун россиялик аёл судланмоқда


Душанбе шаҳридаги Шоҳмансур туман судида 10 август куни чор Россияси давридаги танга пуллар контрабандаси иши бўйича суд жараёни давом этди. Россия фуқароси Татьяна Хужина устидан суд жараёнлари ёпиқ эшиклар ортида бўлиб ўтмоқда.

Татьяна Хужинага нисбатан Тожикистон Жиноят Кодексининг 32 (жиноят ҳаракатларига уриниш) ва 289 (контрабанда) моддалари бўйича жиноий иш очилган.

Тожикистон Божхона хизмати июнь ойи сўнгида 1823 йилда чиқарилган мис чақани мамлакатдан олиб чиқишга уринган Татьяна Хужина ҳибсга олингани ҳақида маълум қилди. Ҳибсга олинган аёл Душанбедан Москвага учиб кетиш олдидан юклари ҳақидаги декларацияда танга ҳақида маълумотни кўрсатмаган. Бу ҳақда Божхона хизмати маълум қилди. Тожикистон Маданият вазирлиги мутахассислари томонидан ўтказилган экспертизада 1823 йилда Екатеринбургда зарб қилинган танга тарихий, маданий, музей ва нумизматик қадриятга эга эканлиги қайд қилинади.

Бироқ Тожикистондаги Россия элчихонаси ходимлари бошқача фикрда. "Хужинадан олинган икки копейка (тийин) қийматига эга мис чақа нумизматик қадриятига эга эмас, пул кўриниши ёмон аҳволда, ёзувларнинг ярми ўчиб кетган, унинг Краузе каталогидаги баҳоси икки доллардан тўрт долларгача туради", - деди РФнинг Тожикистондаги элчихонасининг консуллик бўлими маслаҳатчиси Александр Самарцев суд жараёнлари арафасида РИА Новостига берган интервьюсида.

Россиялик дипломат 10 август куни журналистларга, айбланувчи ҳибсга олинмаганини, аммо аёл ва унинг қизи суд жараёнларидан ташвишда эканликларини айтди.

Татьяна Хужинанинг айтишича, ўз ватанидаги уйида эски буюмларни тартибга солиш вақтида 1823 йилда зарб қилинган 2 копейка қийматига эга тангани топиб олган. Аёл тангани Рибинскка олиб бориб ломбардга мурожаат қилган. «Маълум бўлишича, танганинг энг юқори баҳоси 200 рубль экан. Шунда мен уни бахт тумори сифатида ҳамёнимга солиб қўйдим”, – дейди аёл.

XS
SM
MD
LG