Ссылки доступа

Давлат "Алп Жамол банк" мижозлари пулини ҳам олиб қўйгани маълум бўлди


Ўзбекистонда 7 йил аввал ёпилган “Алп Жамол банк”нинг ўнлаб мижозлари шу банк ҳисобларида қолган маблағларини ҳалигача ололмай сарсон бўлмоқда.

Тошкентдаги исми сир қолишини истаган ҳусусий ширкат эгаларидан бири ўзи ва яна ўнлаб тадбиркорларнинг миллиардлаб сўм маблағлари шу банк ҳисобида қолиб кетганиини айтди.

- Банк ёпилганидан сўнг “Алп Жамол банк”нинг барча кўчар ва кўчмас мулкларини, маблағларини ҳамда ҳисобларимиздаги бизнинг маблағларни ҳам қўшиб давлатга ўтказиб юборишган. Етти йилдан бери шу пулимизни қайтариб ололмаяпмиз. Президентга ҳам мурожаат қилдик, натижа бўлмади,- дейди тошкентлик тадбиркор.

2010 йилда Ўзбекистон Марказий банки "Алп Жамол банк" мамлакат банк қонунчилигини бузди, дея унинг лицензиясини бекор қилган, банк раҳбари Муҳиддин Асомиддинов ўшанда Ўзбекистондан қочиб кетган эди.

Марказий банк маълумотига кўра, фаолияти тугатилган пайтда "Алп Жамол банк"нинг активи 118 миллиард сўм ёки қарийб 67 миллион АҚШ долларига тенг бўлган, мижозлари сони эса 115 минг нафарни ташкил этган.

Банк молиявий ҳужжатлари билан яхши таниш эканини айтган тошкентлик тадбиркорнинг Озодликка айтишича, 3000 га яқин тадбиркорнинг банкдаги пули давлат ҳисобига ўтказиб юборилган. "Шахсан менинг фирмамнинг 80 миллион сўми давлатга қолиб кетди. Марказий банкка борсак, "маблағлар давлат ҳисобига ўтказилгани ҳақида суд қарор чиқарган, суд қарорини ўзгартирса қайтариб берамиз", дейди. Хуллас, банк ёпилишидан тадбиркорлар анча зарар кўрди, хусусий тадбиркорларга зарба бўлди бу, - дейди тадбиркор.

XS
SM
MD
LG