Ссылки доступа

Украина расмийлари Михаил Саакашвилининг “бостириб кириши”ни қоралаб чиқди (видео)


Украина фуқаролигидан маҳрум этилган Грузия собиқ президенти ва Одесса вилоят маъмуриятининг собиқ раҳбари Михаил Саакашвили 10 сентябрь куни Польша ва Украина чегарасидан ўтди. Украина расмийлари уни “давлат чегарасини қонунга зид равишда оммавий бузиш”да айблади.

Украина Давлат чегара хизмати берган баёнотда таъкидланишича, “агрессив кайфиятдаги гуруҳ “Шегини” ўтиш назорат пунктидаги шлагбаумга кириш олдида миллий полиция ва Давлат Чегара хизмати вакиллари билан муштлашди, ўтиш пунктига бостириб киришди, давлат чегарасини бузишди, бир гуруҳ (улар орасида халқ депутатлари ҳам бор) шахслар томонидан давлат чегарасининг бузилишига ҳисса қўшдилар”.

Украина бош прокурори Юрий Луценко баёнот бериб, чегара ҳимоясига Михаил Саакашвили иштирокида “бостириб” киришни ташкиллаштирганлар жиноий жавобгарликка тортилишини билдирди.

Саакашвили Польша-Украина чегарасидан ўтиш борасидаги режасини кутилмаганда икки марта ўзгартирди ва "Шегини" (Львов вилояти) ўтиш назорат пунктига келди. Унинг келишидан бир неча дақиқа аввал чегарачилар мина ҳақида аноним хабардан сўнг чегара беркитилганини маълум қилишди. Ўтиш назорат пунктининг ҳар икки томонида махсус хизматнинг бир неча жангчиси ва чегара хизматининг ходимлари йўлларни беркитишди. Бироқ, шунга қарамай Саакашвили ўзини қўллаб-қувватловчилар гуруҳи, жумладан, Олий Рада депутатлари ёрдами билан Украина ҳудудларига ўтишга муваффақ бўлди.

Бундан аввал Украина президенти фармонига биноан, Украина фуқаролигидан чиқарилган Саакашвили фуқаролиги йўқ шахсга айланди ва унинг Украинага кириши учун шахсни аниқловчи ҳужжатдан ташқари Украина визаси керак бўларди.

XS
SM
MD
LG