Ссылки доступа

ИҲТнинг навбатдаги саммити Ўзбекистонда ўтказилади


Ислом Ҳамкорлик Ташкилоти (ИҲТ)нинг Фан ва технологиялар бўйича иккинчи саммити 2020 йилда Ўзбекистонда бўлиб ўтади. Бу борадаги қарор Остонада якунланган биринчи саммитнинг якунлари бўйича қабул қилинди.

“Аъзо давлатларнинг барқарор иқтисодий ривожланиши, аҳолининг муносиб ҳаёт даражасини таъминлаш мақсадида Фан ва технологиялар бўйича саммитни ҳар уч йилда бир марта ўтказишни ва ушбу таклиф қўллаб-қувватланган тақдирда, кейинги саммитни 2020 йилда Ўзбекистонда ўтказишга тайёр эканимизни билдирмоқчиман”, – деди Ўзбекистон раҳбари Шавкат Мирзиёев саммитда қилган чиқишида.

Тарихда илк бор ИҲТнинг фан ва технологиялар бўйича саммити 10 сентябрь куни Қозоғистон пойтахтида иш бошлади. Унинг ишида ИҲТга аъзо, кузатувчи-мамлакат, шунингдек халқаро ва минтақавий ташкилотларнинг 80 га яқин делегацияси иштирок этди.

Ўзбекистон раҳбари ёш олимлар учун Халқаро Ислом марказини ташкил этиш таклифи билан чиқди. Бу марказ ёш олимларга билим ва тажриба алмашиш, биргаликда тадқиқотлар ўтказиш имконини беради. Шавкат Мирзиёев мусулмон дунёсида эришилаётган илм-фан ютуқларини муносиб тақдирлаш ҳамда уларни халқаро миқёсда оммалаштириш учун Ислом ҳамкорлик ташкилотининг махсус мукофотини таъсис этиш таклифи билан чиқди.

“Муқобил энергия манбаларини кенг миқёсда ўзлаштириш барчамиз учун ғоят долзарб аҳамиятга эга. Шу боисдан бу йўналишдаги илмий-тадқиқот ишлари ва тажриба-инновацион лойиҳаларни биргаликда, хусусан, инвестициялар киритиш ҳисобидан амалга оширишга тайёр эканимизни билдирамиз”, – деди Ўзбекистон президенти.

XS
SM
MD
LG