Ссылки доступа

БМТ Хавфсизлик Кенгаши Пхеньянга қарши санкцияларнинг янги тўпламини қабул қилди


Душанба куни БМТ Хавфсизлик Кенгаши 3 сентябрда Пхеньян томонидан ўтказилган олтинчи ва шу кунгача энг кучлиси бўлган ядро синовига жавобан Шимолий Кореяга нисбатан янги санкциялар киритди.

Шу билан бирга, Қўшма Штатлар Россия ва Хитой томонидан жиддий қаршилик туфайли, жарима чоралари тўпламини сезиларли қисқартиришга мажбур бўлди. Москва ва Пекинда Вашингтон томонидан таклиф қилинаётган, КХДРга нефть етказиб беришга тўла эмбарго қўйиш ва шунга ўхшаш чоралар самара бермайди ва Корея ярим оролидаги шароитни янада кўпроқ беқарорлаштиради, деб таъкидламоқдалар.

Трамп маъмурияти баён қилишига кўра, фақат қатъий санкциялар йўли билангина, Пхеньянни ўз ракета-ядро тадбирларини тўхтатиб қўйишга мажбур қилиш ва охирида Кореяни қуролсизлантирадиган музокараларга у ёки бу шаклда қайтариш мумкин.

Қабул қилинган резолюция КХДРдан тўқимачилик маҳсулотларини экспорт қилишга тўсиқ қўяди, мамлакатга табиий газ олиб киришни тақиқлайди ҳамда нефть ва нефть маҳсулотлари сотишга лимит ўрнатади. Ушбу ҳужжат дунё мамлакатларини Шимолий Кореяга бораётган ёки ундан келаётган ва контрабанда олиб ўтишда гумонланаётган кемаларни назорат қилишга ҳам чақиради. АҚШнинг Шимолий Корея етакчиси Ким Чен Иннинг хорижий сафарларига мораторий эълон қилиш ва унинг чет эллардаги активларини музлатиб қўйиш ҳақидаги дастлабки талаби резолюцияга киритилмаган.

XS
SM
MD
LG