Ссылки доступа

ҚРда “миллатлараро низо қўзғагани учун” журналист 4 йилга кесилди


Журналист Зулпуқар Сапанов Бишкекдаги Биринчи май туман суди ҳукми билан тўрт йил муддатга озодликдан маҳрум қилинди. У миллатлараро низо қўзғашда айбдор деб топилди ва суд залида ҳибсга олинди. Бу ҳақда унинг рафиқаси Гулбарчин Ибраева маълум қилди.

Биринчи суд мажлиси 5 июль куни бўлиб ўтди. Давлат айбловчилари Зулпуқар Сапановга олти йил қамоқ жазоси берилишини сўраган эди. Гулбарчин Ибраеванинг сўзларига қараганда, эндиликда туман суди қарори устидан Бишкек шаҳар судига шикоят аризаси берилади.

2016 йилда Сапанов "Қыдыр санжырасы" деб номланган китобни нашр қилдирди. Шундан сўнг турли диний ташкилотлар вакиллари Миллий хавфсизлик Давлат қўмитасига мурожаат қилиб, Сапановга нисбатан чора кўришга чақирдилар.

“Ақыл эс, Ыйман” жамоат бирлашмаси раҳбари Дуйшен Абдилдаев, теолог Қадир Маликов, собиқ депутат Турсунбай Бакир уулу 2016 йилнинг февраль ойида бўлиб ўтган матбуот анжуманида Сапановнинг китоби ҳақида фикр билдиришди. Маликовнинг айтишича, мазкур лойиҳа динлараро низоларни келтириб чиқаришга қаратилган. Куч ишлатиш салоҳиятига эга идоралар “бунинг ортида ким турганини, қўғирчоқбоз ким эканини” аниқлаши керак", - деган эди теолог.

Муаллифнинг ўзи эса, китобда динга соя солувчи ёки низо қўзғовчи чақириқ ва элементлар йўқлигини айтади. Унинг айтишича, мустақил экспертлар китоб бўйича экспертиза олиб боришмаган.

XS
SM
MD
LG