Ссылки доступа

Ашхобод аэропортида келганларнинг шахсий телефонларидаги маълумотлар текширилмоқда


Ашхободга келган Туркманистгон фуқароларининг мобил телефонларидаги шахсий маълумотлар текширилмоқда. Бу ҳақда Озодлик радиосининг туркман хизматига 27 ёшли Мива (исми ўзгартирилган - таҳририят) туркманистонлик аёл маълум қилди.

“Ашхободга учиб келишим билан, аэропортдан чиқиш чоғида, маҳаллий ходимлар менинг қўлимдаги телефонни олиб қўйишди ва ўзларидан ўзлари шахсий маълумотларимни текшира бошлашди", - дейди Мива.

Унинг сўзларига қараганда, Лондондан қайтиб келар экан, аэропорт ходимлари унинг телефонини текшираётганларида хорижлик ёш йигит билан тушган суратини кўриб қолишади ва қўполлик қила бошлашади. “Йигитимнинг шахси билан қизиқишди. Сўнг “Туркманистонда йигитлар йўқми? Хорижликнинг сенга нима кераги бор?”, дея бақира кетишди ва ўтириб йиғлашимга қарамай мени камсита бошлашди", - дейди Мива.

Унинг сўзларига қараганда, бирга келган икки нафар дугонасининг ҳам телефонларини тортиб олишган ва ҳеч бир изоҳларсиз бу телефонлардаги шахсий маълумотларни текшира бошлашган.

Осиё ўйинлари арафасида, сентябрь ойи бошларидан Туркманистон пойтахти халқаро аэропорти ходимлари томонидан йўловчиларни текшириш борасида қўшимча чоралар кўрила бошланди.

Жанг саньати ва ёпиқ иншоатлардаги V Осиё ўйинлари Ашхободда 17-27 сентябрь кунлари бўлиб ўтади.

XS
SM
MD
LG