Ссылки доступа

АҚШ Украинанинг чегарасида тинчликни сақловчи кучларни жойлаштиришни ёқламоқда


АҚШ Украинанинг Донбассда тинчлик сақловчи кучларни жойлаштириш масаласидаги нуқтаи назарини қўллаб-қувватлади. БМТнинг тинчликни сақловчи кучлари Украина шарқидаги айирмачилар назорати остидаги бутун ҳудудда, то Россия билан чегарагача жойлаштирилиши зарур.

Бу ҳақда АҚШ давлат департаментининг расмий вакиласи Хизер Нойерт Украинанинг “Укринформ” агентлиги саволларига жавоб бераётганида баён қилди,

Нойертнинг фикрига кўра, БМТнинг тинчликпарвар кучлари жойлаштирилиши Украинанинг суверенитети ва ҳудудий яхлитлигини тиклашга кўмаклашиши лозим. Бу кучлар Украина ичидаги бўлиниш чуқурлашиши ва қонунийлашига йўл қўймаслик учун тинчлик ва хавфсизликни сақлашда кенг ваколатларга эга бўлиши шарт, деди Нойерт.

У АҚШ Минск битимини тўла бажариш тарафдори эканлигини яна таъкидлади. Бунда, унинг сўзларига қараганда, биринчи навбатда, Донбассдаги хавфсизлик бўйича талабни бажариш зарур. У Россияни «ўт очшни тўхтатишнинг реал ва барқарор режимини киритишга» яна бир бор чақирди.

Россия аввалроқ Украина шарқидаги низо томонлари туташиш чизиғидан қўшинлар ва ҳарбий техникани олиб кетганларидан сўнг,қуролли тинчликни сақловчи кучларни ярим йилга киритиш ва уларга фақат ЕХҲТ кузатувчиларининг хавфсизлигини таъминлаш ваколатини беришни таклиф қилган эди.

Украина тинчликни сақловчи кучларни Россия-Украина чегарасини ҳам қўшган ҳолда, Донецк ва Луганск республикалари деб аталаётган республикаларнинг назорати остида бўлган бутун ҳудудда жойлаштириш ва фақат шундан кейин, у ерлардан Россиянинг «қурол-аслаҳалари ва ёлланма аскарларини» олиб чиқишни қатъий талаб қилмоқда.

XS
SM
MD
LG