Ссылки доступа

Тошкентда тез тиббий ёрдам врачини урган шахс ҳибсга олинди (аудио)


Тошкентнинг Мирзо Улуғбек туманида яшовчи 36 яшар Абдумалик Каримов уйига келган Тез тиббий ёрдам шифокорини ургани учун ҳибсга олинди. Каримовдан калтак еган шифокор Зафар Қаюмов тўрт кундан бери шифохонада даволанмоқда.

Мирзо Улуғбек туманидаги Қорасув 4-мавзесида касал кўришга борган пайти калтакланган шифокор Қаюмовнинг аризасидан сўнг воқеа юзасидан Жиноят кодексининг 277-моддаси яъни "Безорилик" моддаси бўйича иш қўзғатилди.

Ушбу воқеа Тез тиббий ёрдам ходимлари томонидан мобил телефоннинг диктофонига ёзиб олиниб, маҳаллий матбуотга тарқатилган.

Ўша куни шифокор Зафар Қаюмов ва фельдшер Тимур Ҳикматовлар телефон чақируви орқали Каримовнинг бемор ўғлини кўриш учун уникига борган. Шифокорлар тарқатган аудио ёзувда Каримов ўғлини текшираётган врач Зафар Қаюмовнинг ҳаракатларидан қониқмай, унга мушт тушириб, уни ҳақорат қилгани акс этган.

Республика Нейрохирургия илмий марказида маълум қилишига кўра, Зафар Қаюмовнинг пешонасида юмшоқ тўқималари лат еган, бош мия ёпиқ жароҳати, бош мия чайқалиши, кўз косаси гематомаси, субконюктивал ўнг томон кўзга қон қуйилиши ташхиси қўйилган.

Мирзо Улуғбек тумани 5-бўлим Тез тиббий ёрдам бўлими ходимларидан олинган маълумотга кўра, бўлим шифокорлари жами 5 марта калтакланган ва бешала ҳолатда ҳам "муштумзўр Каримов бўлган":

— Каримовлар уйига ҳеч қайси ходимимиз боргиси келмайди. Бу жуда агрессив оила. Зафар Қаюмовни август ойида ҳам калтаклаган. Шунинг учун бу сафар ҳар эҳтимолга қарши диктофонни ёқиб киришган. Кейин яна тўрт нафар шифокорлар ҳам шу уйга бориб, калтак еб келишган", – деди Тез тиббий ёрдам бўлими ходимларидан бири.

Безориликда айбланаётган Абдумалик Каримов, агар айбдор деб топилса, уч йилгача озодликдан маҳрум этилиши мумкин.

XS
SM
MD
LG