Ссылки доступа

"Чегара билмас мухбирлар" қирғизистонлик журналистга нисбатан чиқарилган ҳукмни қоралади


"Чегара билмас мухбирлар" халқаро ташкилоти қирғизистонлик журналист Зулпукар Сапановга нисбатан чиқарилган ҳукмни қоралаб, Қирғизистон ҳокимият органларини айбловни бекор қилишга чақирмоқдалар. Бу ҳақда 14 сентябрда тарқатилган ташкилот аризасида айтилган.

“Зулпукар Сапановнинг озодликдан маҳрум этилиши Қирғизистонда шахсий фикр билдириш эркинлигинига нисбатан хавфли ҳолатдир. Биз журналистга нисбатан чиқарилган айбловни қоралаб, судьялардан унинг зудлик билан озод этилишини талаб қилмоқдамиз”, - дейди Шарқий Европа ва Марказий Осиё бўйича бўлим раҳбари Иоганн Бих.

2016 йилда журналист томонидан "Кыдыр санжырасы» номли китоб чоп этилганидан сўнг турли диний ташкилотлар вакиллари Сапановга нисбатан чора кўрилиши учун ДМХҚга мурожаат қилганлар. ДМХҚ журналистга нисбатан “Миллий (халқлараро), ирқий, диний ва минтақалараро адоват уйғотиш” моддаси бўйича жиноий иш қўзғади.

2017 йил 12 сентябрь куни Зулпукар Сапанов тўрт йил муддатга озодликдан маҳрум этишга ҳукм этилди ва суд залида ҳибсга олинди.
"Чегара билмас мухбирлар" ташкилоти ўзининг Париждаги штаб-квартираси билан биргаликда шу ёзда чоп этилган рейтингида сўз эркинлиги нуқтаи назаридан Қирғизистонни “муаммоли мамлакатлар” қаторига қўшди. Ўтган йили республика 180 давлат орасида 85-ўринни эгаллаган, жорий йилда эса тўрт ўрин пастга силжиган ҳолда 89-ўринни банд этди.

XS
SM
MD
LG