Ссылки доступа

ОАВ: ФХХ Россиядаги оммавий эвакуацияларни изоҳламасликка кўрсатма берди


Россия ФВВ ва ИИВ Федерал хавсизлик хизмати(ФХХ)нинг кўрсатмасига биноан, Россия шаҳарларида бомба ҳақидаги аноним хабарларга кўра оммавий эвакуация ўтказилганини шарҳламаяпти. Бу ҳақда Россиянинг «Ведомости» нашри вазирликлардан бирининг матбуот хизмати ходимига таянган ҳолда хабар бермоқда.

Унинг сўзларига қараганда, терговга бошчилик қилаётган ФХХ «ваҳимани авж олдирмаслик ва шундай истаги бўлган бошқалар телефон терроризми билан шуғулланишини келтириб чиқармаслик учун» ҳодисаларни изоҳлашдан тийилиб туриш топшириғини берган.

Вокзаллар, савдо марказлари ва ўқув юртларидаги портлаш хавфи ҳақидаги эгасиз хабарлар 10 сентябрдан келиб туша бошлади. Бу вақт оралиғида Россиянинг ўнлаб минтақаларидаги юз мингдан ортиқ одам эвакуация қилинди. Миналаштирилгани ҳақидаги хабарларнинг ҳеч бири ҳозирча тасдиқланмади.

«Христиан давлати – муқаддас Русь» ҳаракатининг етакчиси Александр Калинин бомбалар ҳақидаги хабарларни Алексей Учителнинг "Матильда" фильми кўрсатилишига қарши норозилик билан боғлади. "Интерфакс" маълумотларига кўра, миналаштирилгани ҳақидаги кўплаб хабарлар интернет каналлари орқали Украина ҳудудидан келиб тушган. Эгаси номаълум қўнғироқларга, гўёки, «Украина киберқўшинлари» ("Кибервойска Украины") алоқадор бўлиши мумкинлиги ҳақидаги фаразни уларнинг раҳбари Евгений Докунин Озодлик радиоси билан суҳбатда рад этди. ИИВ ва ФВВда тероррчиликка қарши машқлар ҳақидаги фаразни инкор қилмоқда, ФХХда бунга изоҳ беришмаяпти.

XS
SM
MD
LG