Ссылки доступа

Украина мактабларида таълим фақат давлат тилида олиб борилади


Украина Президенти тортишувларга сабаб бўлган қонун лойиҳасини имзолади, унга кўра, давлат мактабларида бешинчи синфдан бошлаб таълим фақат украин тилида олиб борилади.

Петр Порошенко Украинада истиқомат қилувчи этник камчиликларнинг танқидлари остидаги қонун лойиҳасини 25 сентябрь куни имзолади. Ҳужжатга кўра, ўқувчилар ўз она тилларида алоҳида предмет сифатида ўрганиш ҳуқуқига эга. Бироқ бу Украинада истиқомат қилувчи катта диаспорага эга поляк, румин ва венгерларни тинчлантира олмади.

Россия аввал бошданоқ бу қонунни танқид қилди. Шу ой бошларида Москва томонидан берилган баёнотда қонун лойиҳаси “кўпмиллатли давлатда куч билан моноэтник тил режимини ўрнатишга” уриниш сифатида ишлаб чиқилгани таъкидланади.

Тил масаласи Украинада, айниқса рус тилида сўзлашувчи шарқий минтақаларда кескинлигича қолмоқда.

Порошенко томонидан имзоланган қонун лойиҳаси 2012 йилда россияпараст президент Виктор Янукович вақтида қабул қилинган қонун нормаларини бекор қилади. Президент Виктор Янукович 2014 йилда Украинанинг евроинтеграциясини қўллаб-қувватлаш мақсадида ўтказилган норозилик намойишлари сабаб Россияга қочиб кетишга мажбур бўлган эди. Бу қонун этник камчилик вакилларига аҳолининг 10 фоизидан кўпроғи истиқомат қиладиган минтақаларда ўз она тилларида таълим олиш имконини берарди.

XS
SM
MD
LG