Ссылки доступа

Танқидий китоби ортидан қидирувга берилган Нурулло Отахонов Ўзбекистонга йўл олди


“Оқ бино оқшомлари” ҳикояси ва шу ҳикоя асосида суратга олинган бадиий филми билан танилган бир неча китоб муаллифи¸ 63 яшар ëзувчи Нурулло Отахонов (Нуруллоҳ Муҳаммад Рауфхон) Ўзбекистонга қайтишга қарор қилди.

Сўнгги икки йилда Туркияда яшаëтган ëзувчи сешанба кунги Истанбул -Тошкент учоғига чиқишдан олдин Ўзбекистон президентининг чет эллардаги ватандошлар юртга қайтсин деган чақириғига жавобан қайтаëтганини айтди.

Нурулло Отахоновга кўра¸ у бундан икки йил олдин Истанбулдаги Ferfir нашриëти таклифига кўра Туркияга келган:

‒ Бу нашриëт китобим тақдимотига ва китобхонлар билан учрашишга мени чақирган эди. Аммо тадбирлар кечиккани боис Туркияда узоқроқ қолишимга тўғри келди. Бу орада мамлакат мустақиллигининг дастлабки 25 йилини ўз ичига олган “Бу кунлар” китобини эълон қилдим. Бу китоб чоп қилиниши ортидан муаммолар бошланди. Кўп дўстларим менга ватанга қайтмай туришни маслаҳат беришди¸ дейди суҳбатдош.

"Бу кунлар" асарида ёзувчи Ўзбекистон президенти Ислом Каримов асос солган режимга кескин муносабат билдирган. Отахоновнинг айтишича¸ 2013 йил охирида очиқ айтилмаган сабабларга кўра бирдан “Мовароуннаҳр" нашриёти Бош директорлиги ҳамда “Ҳидоят” журнали Бош муҳаррирлигидан бўшатилган ва шунинг ортидан иқтидор учун исталмаган кишига айланган. Асар муаллифига "ватан хоини" ва "юрт душмани" каби тамғалар урилган.

Жорий йилнинг август ойида Ўзбекистон янги президенти Шавкат Мирзиёев бир нича минг сургунда яшаб келаётган фуқаролар ‒ диний экстремистик ҳаракатлар аъзолари ва диссидентларнинг қора рўйхатидан чиқарилишини эълон қилди. Нурулло Отахановнинг айтишича, бу унинг Ватанига қайтиши хақида қарор қабул қилишга ундаган.

XS
SM
MD
LG