Ссылки доступа

Россия фуқароси бўлмиш аёл Megacom ширкатини сотиб олишини айтди


Россиялик тадбиркор Елена Нагорная Megacom уяли оператори бренди остида маълум бўлган «Альфа Телеком» ЁАЖни 100% акцияларини сотиб олиши борасида ариза берди.

Давлат мулки бошқарув жамғармаси тарқатган хабарларга кўра, муайян инвестор компания акцияларининг тўла тўплами борасида Қирғизистон ҳукумати томонидан ўрнатилган – 13,5 млрд сом ва комиссион тўловлар учун қўшимча 7% тўлашга рози бўлган. Умумий ҳисобда 14,5 млрд сом (213 миллион долларга яқин) тўланади.

«25 сентябр куни ДМБЖ «Альфа Телеком» ЁАЖ акцияларининг 100 фоизини сотиб олиш борасидаги аризалар қабул қилинишини якунлади. Ягона ариза Россия фуқароси Елена Нагорная томонидан берилди. У компаниянинг барча суд даъволарини ўз зиммасига олишга рози бўлди», - дейишди идора вакиллари.

Айни дамда жамғарма тадбиркор билан компания сотилиши билан боғлиқ талаблар юзасидан музокаралар олиб бормоқда.

Ариза берган тадбиркорнинг шахсий сайти маълумотларига кўра, 41-ёшли Елена Нагорная тадбиркорлик ва озиқ-овқат хавфсизлиги ва сифати, мамлакат ишлаб чиқарувчиларини қўллаб қувватлаш, халқаро алоқалар билан боғлиқ жамоат ишларида иштирок этиб келади.

Чой ва қаҳва ишлаб чиқариш, савдо ва юк ташиш соҳасида катта тажрибага эга. Давлат Думасининг Саноат қўмитаси қошидаги Экспертлар Кенгашининг аъзосидир.

Қирғизистон ҳукумати 2015 йилда "Альфа Телеком"ни илк бор кимошди савдосига қўйган эди. Компания уч марта аукционга қўйилган, бироқ сармоядорлар топилмаган. Шундан сўнг ҳукумат илк баҳоси 13,5 млрд сом деб белгиланган компанияни тўғридан тўғри сотувга қўйишга қарор қилди.

XS
SM
MD
LG