Ссылки доступа

ҚР Парламенти қирғиз-ўзбек чегараси тўғрисидаги шартномани ратификация қилди


ҚР Парламенти уч ўқишда қирғиз-ўзбек давлат чегараси ҳақидаги шартномани ратификация қилиш тўғрисидаги қонун лойиҳасини қабул қилди.

Парламент матбуот хизмати тарқатган хабарга кўра, ҳужжатни ёқлаб йиғилишда иштирок этган 97 депутатнинг 97 нафари овоз берган.Шартнома муҳокамалари ёпиқ эшиклар ортида бўлиб ўтди.

Жоғорку Кенеш қонун лойиҳасини биринчи ўқишда 21 сентябрь куни маъқуллаган эди. Парламент томонидан ратификация қилинган ҳужжат Қирғизистон ва Ўзбекистон президентлари томонидан Алмазбек Атамбоевнинг Тошкентга ташрифи давомида имзоланади. Хабарларга кўра, ташриф 5 октябрга режалаштирилган.

Қирғиз-ўзбек чегараси тўғрисидаги шартнома 5 сентябр куни Бишкекда Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг ташрифи вақтида имзоланган эди. Ҳукумат маълумотига кўра, шартномада 1378 километрлик умумий чегаранинг 1170 километри, яъни 85 фоизи белгилаб берилган. Қолган 208 километри (15%) йил охиригача аниқланиши кераклиги айтилмоқда. Чегараларнинг белгиланмагани боис чегара ҳудудларидаги аҳоли ўртасида бир неча бор низолар юзага чиққан эди.

XS
SM
MD
LG