Ссылки доступа

"Ўзбекистон" радиосининг собиқ муҳаррири Киевда қамоққа олинди


"Ўзбекистон” радиоканали “Янги жамият” студиясининг Сиёсий, ҳуқуқий ва маърифий эшиттиришлар бўлими собиқ мудири Назрулло Охунжонов Украинага сиёсий бошпана излаб келгани ортидан ҳибсга олинди.

Бош қароргоҳи Нью-Йоркда жойлашган Журналистларни ҳимоя қилиш қўмитаси 27 сентябрь куни Киев расмийларидан Охунжоновни ҳибсдан озод қилишга чақирди.

Охунжоновнинг адвокати Алексей Федоров Журналистларни ҳимоя қилиш қўмитасига ўз ҳимоясидаги одам Ўзбекистонга экстрадиция қилиниши мумкинлигини айтган. 27 сентябрь куни Киев суди Охунжоновни тергов якунлангунига қадар 40 кунлик муддатга ҳибсда сақлаш қарорини чиқарди.

Назрулло Охунжонов 20 сентябрь куни сиёсий бошпана олиш мақсадида Туркиядан Киевга учиб келган пайтда қўлга олинган. Украина ҳукуматининг билдиришича, Охунжоновнинг ҳибсга олинишига унинг исми-шарифи Интерпол томонидан қидирувга берилган шахслар рўйхатида қайд этилгани сабаб бўлган. Маълум қилинишича, Ўзбекистон ҳуқуқ - тартибот тузилмалари Назрулло Охунжоновни товламачиликда айблаб халқаро қидирувга берган.

Адвокат Федоровнинг айтишича, Охунжоновнинг ўзи бу айбловларни инкор қилмоқда ва сиёсий сабаблар билан Ўзбекистонни тарк этишга мажбур бўлганини айтмоқда. Адвокат Федоровнинг айтишича, Охунжонов Туркияда амалга ошмай қолган давлат тўнтаришига уринишдан сўнг инсон ҳуқуқлари вазияти тобора ёмонлашиб бораётгани ортидан Украинага келишга мажбур бўлган.

XS
SM
MD
LG