Ссылки доступа

АҚШ соғлиқни сақлаш вазирининг хусусий самолётдаги парвози бюджетга $400 га тушди


Президент Дональд Трамп соғлиқни сақлаш ва ижтимоий хизматлар вазири Том Прайснинг серхаражат авиапарвозларидан норози. Журналистларнинг вазирни ишдан бўшатиш-бўшатишмаслиги ҳақидаги саволига у "Кўрамиз", деб жавоб берди.

Трамп Прайс тижорат рейсларида учиш ўрнига, камида йигирма марта хусусий самолётлардан фойдалангани ҳақидаги хабарлардан «норози эканлиги»ни айтди. Бу солиқ тўловчиларга камида 400 минг АҚШ долларига тушди.

Вакиллар палатасининг Назорат бўйича қўмитаси Оқ уй ва йигирмага яқин федерал идораларга хатлар юборди ва бу хатларда юқори мартабали амалдорлар расмий ва шахсий сафарлари учун ҳукумат самолётлари ёки хусусий нотижорат самолётларидан фойдаланганлиги ҳақида батафсил ахборот беришларини сўради.

Прайс – касби бўйича врач-ортопед ва Жоржиядан собиқ конгрессмен. У когрессмен бўлган пайтида, 2010 йилда, ўша пайтда Вакиллар палатасининг спикери лавозимида ишлаган Ненси Пелосини мамлакат бўйлаб, жумладан ўзи туғилиб ўсган Калифорнияга бориб-келишда парвозларда хусусий самолётлардан фойдалангани учун танқид қилган эди.

Прайсдан ташқари кабинетнинг яна икки аъзоси ўзларининг транспортдан фойдаланишдаги одатлари учун танқидга учради.

XS
SM
MD
LG