Ссылки доступа

Тожикистоннинг Қўрғонтепасида терактни ташкиллаштирган шахс умрбод қамоққа ҳукм қилинди


Қўрғонтепадаги портлаш бўйича бош фигурант Шарифжони Зокир Тожикистон Олий суди ҳукми билан умрбод озодликдан маҳрум этилди.

Олий суд судьяси Муҳаммад Кенжазода 28 сентябрь куни баёнот бериб, 12 март куни ҳарбий прокуратура ва Хатлон гарнизони ҳарбий суди бинолари олдида юз берган портлашлар Шарифжони Зокир ва унинг мактабда ўқийдиган укаси Ражабжони Зокир томонидан уюштирилганлигини айтди.

Судьянинг сўзларига қараганда, Шарифжони Зокир “Ислом Давлати” гуруҳи ғояларни тарғиб қилиш ва бесоқолбозни ўлдирганликда ҳам айбдор деб топилди.

Тожикистон Олий суди жиноий иш бош фигурантининг укаси - 9 синф ўқувчиси Ражабжони Зокирни 5 йил қамоқа ҳукм қилди. Яна 3 фигурант Равшан Файзиев, Рустам Амирхўжаев ва Саъди Саидов 13 йилдан 15 йилгача озодликдан маҳрум қилинди.

2017 йилнинг 12 март куни кечқурун Қўрғонтепа шаҳрида ҳарбий прокуратура ва Хатлон гарнизони харбий суди бинолари олдида портлаш юз берди. Портлаш оқибатида Қўрғонтепа шаҳридаги Технология лицейида қоровул бўлиб ишловчи Бахтар туманида истиқомат қиладиган 67- ёшли Ҳасанбой Раҳмонов вафот этди. Унинг жасади Хатлон гарнизони ҳарбий прокуратураси биноси яқинидан топилди, дея маҳаллий расмийлар хабар берди.

Терговчиларнинг баёнотига кўра, Ҳасанбой Раҳмонов ҳодисанинг тасодифий қурбонига айланган. Уларнинг айтишича, портловчи воситалар кимдир кўриб ва олиши учун атайлаб кўринарли жойга ташлаб кетилган. Бу жиноятни содир этишда беш киши айбланди, дея хабар қилган эди Хатлон вилоят прокурори Насрулло Маҳмудзода.

Кейинчалик портлаш ташкилотчилари уларнинг нишони россиялик харбийлар бўлганлигини тан олишди. Терговчилар баёнот бериб, бу гуруҳ томонидан Қўрғонтепада яна битта портлаш уюштирилганини айтишди. Қўлбола портловчи мослама «Билайн» мобил алоқа компанияси ходимининг автомобилига ўрнатилган эди. Ўшанда қурбонлар бўлмаган эди.

XS
SM
MD
LG