Ссылки доступа

Ўшда Бабанов чиқиши бўйича чора кўришга чақирилди


Ўш шаҳрида президентликка номзод Ўмурбек Бабановнинг чиқиши бўйича маҳаллий аҳоли вакиллари томонидан матбуот анжумани бўлиб ўтди.

“Озодлик” радиосининг минтақадаги мухбири хабарига кўра, иштирокчилардан бири, ўзбек маданият маркази президенти Рашидхон Хўжаев Бабанов нутқини “иғво” деб атади, бошқа иштирокчилар эса тегишли идоралар бу факт бўйича чора кўришлари лозимлигини таъкидлашди.

28 сентябрь куни президентликка номзод Бабанов Ўш шаҳридаги Амир Темур микрорайонида сайловолди ташвиқоти доирасида чиқиш қилди. Ижтимоий тармоқлар сиёсатчининг нутқидан парчалар олиб тарқатишди. Айрим таҳлилчилар уни иғво ва миллатлараро нафрат уйғотиш сифатида таърифлашди.

Ўш шаҳар ИИБ матбуот котиби Замир Сидиқов Интернет фойдаланувчиларига мурожаат қилиб видеони тарқатишдан тийилиб туришга чақирди, уларнинг ўзлари ҳам “нафрат уйғотишга ҳисса қўшишлари мумкинлигидан” огоҳлантирди.

Номзоднинг штабида Ўмурбек Бабановнинг нутқи бошқача талқин қилинаётганидан «аччиқланганликларини» билдиришди. Тарқатилган хабарда таъкидланишича, номзоднинг вакиллари ҳуқуқ тартибот идораларига ариза беришади. «Бу видеони монтаж қилган ва тарқатган шахслар миллатлараро нафратни уйғотганлари учун жавобгарликка тортилиши керак», - дейилади штаб тарқатган баёнотда.

Ўмурбек Бабанов «Республика-Ата Журт» парламент фракцияси етакчиси ва президентликка 12 номзоддан биридир. Президент сайловлари 15 октябрга мўлжалланган.

XS
SM
MD
LG