Ссылки доступа

Карлес Пучдемон: "Каталония мустақил давлат бўлиш ҳуқуқини қўлга киритди"


Каталония Женералитети президенти ва Каталония Европа демократик партиясининг аъзоси Карлес Пучдемон якшанба куни кечқурун баёнот бериб, "Каталония мустақил давлат бўлиш ҳуқуқини қўлга киритди”, деди. Бу ҳақда Associated Press агентлиги хабар берди. Овоз бериш натижалари яқин кунларда эълон қилинади.

​Каталония фавқулотда чоралар хизмати полиция билан бўлиб ўтган тўқнашувлар оқибатида 760 киши жароҳат ва шикаст олгани ҳақида маълумот тарқатди. Бошқа манбаларнинг хабарларига кўра, 400дан ортиқ киши жароҳат олди. Испания полицияси Каталониянинг Испаниядан мустақил бўлиши йўлида референдум ўтишига йўл қўймаслик мақсадида куч ишлатар экан таёқ, резина ўқлардан фойдаланди. Айрим сайлов участкаларида ҳуқуқ-тартибот идораларининг ходимлари бюллетенлар, ҳужжатлар ва сайлов қутиларни мусодара қилди.

Бундан аввал Испания ҳукумати Каталонияда овоз беришга йўл қўймаслигини билдирган эди. Испания Конституциявий суди қарорига биноан референдум қонунга зид дея эълон қилинди.

Овоз бериш жараёнлари маҳаллий вақт билан 20.00да якунланди. Бироқ, Каталония ҳукумати вакили шу вақтгача сайлов участкалари олдида навбатда турганларнинг ҳаммаси қутилар ёнига келишлари учун рухсат берилишини маълум қилди.

Испания ИИВ раҳбарининг маълумотларига кўра, каталонияликлар билан бўлиб ўтган тўқнашувда 12 нафар полиция ходими жароҳат олди, уч киши ҳибсга олинди. Вазирнинг айтишича, 92 та сайлов участкасини беркитишга муваффақ бўлинди. Бундан аввал, икки мингдан ортиқ сайлов участкасидан 300дан ортиғи полиция томонидан муҳрлангани маълум қилинган эди. Референдум арафасида овоз беришга йўл қўймаслик мақсадида Каталонияга ярим ҳарбийлашган “фуқаро гвардияси” кучлари юборилган эди.

XS
SM
MD
LG