Ссылки доступа

Тожикистонда ҳарбий хизматга яроқсизларни қайтадан текширувдан ўтказишмоқда


Тожикистонда армия хизматига навбатдаги чақирув бошланди. Бироқ, чақирув ёшидаги кўпчилик ёшлар хизматдан бўйин товлашни маъқул кўрмоқда. Ҳар йили ўнлаб потенциал чақирилувчилар «яроқсиз» деб тан олинади ва Қуролли кучлар сафида хизмат қилишмайди.

Сўғд ҳарбий гарнизонининг раҳбарияти ёшларни ҳарбий хизматга чақириш масаласини кўтарди. Сўғд вилояти раисининг ўринбосари Рустам Раҳматзода ўтган йили вилоятда соғлиғи бўйича ҳарбий хизматга яроқсиз 400 га яқин ёшлар рўйхатдан ўтказилганини айтди.

Унинг сўзларига қараганда, кўпинча “яроқсизлик” врачлар ёки маҳаллий ҳарбий комиссариат томонидан расмийлаштирилади. Масалан, фақат Хўжандда касал чақирилувчиларнинг сони чақирув ёшидаги соғлом йигитлардан 5 марта кўп. Шунинг учун Раҳматзода ҳарбий врачларни чақирилувчиларнинг соғлиғи ҳақидаги маълумотларни қайтадан текшириб чиқишга чақирди.

Сўғд вилояти ҳарбий прокурорининг ўринбосари Суҳроб Салимзода энг кўп носоғлом чақирилувчилар Хўжандда қайд этилганини айтди. Унинг сўзларига қараганда, қайтадан текширувдан ўтказиш, кўпинча, хизматга «яроқсиз» йигит мутлақо соғлом бўлиб чиққанини аниқлайди.

Айни пайтда, ҳукумат вакиллари армияга ҳақиқатан ҳам касал ўсмирлар чақирилаётган ҳолатларга хавотир билан эътибор қаратмоқда. Масалан, баҳорда ўтган ҳарбий хизматга чақириш давомида, вилоят бўйича қайта текширувдан сўнг касал деб тан олинган ва уйига жўнатилган 50 дан ортиқ йигитлар ҳарбий хизматга чақирилган.

XS
SM
MD
LG