Ссылки доступа

Тошкент аэропортида ушланган ёзувчи Нурулло Отахонов қўйиб юборилди


Туркиядан қайтгач, 27 сентябр куни Тошкент аэропортида ушланган ва Тоштурмага ташланган ëзувчи Нурулло Отахонов қўйиб юборилди. Ўғли Файзулланинг хабар қилишича, ёзувчини "Яшнобод туман ИИБ бошлиғи хизмат машинасида уйига олиб бориб қўйган".

Маҳаллий матбуот хабарларига кўра, ёзувчининг озод қилиниши ҳақидаги аxборот Тошкент шахар ички ишлар бошқармаси томонидан тасдиқланган. Ёзувчига нисбатан Ўзбекистон конституциявий тузумига тажовуз қилиш моддаси бўйича эълон қилинган айблов бўйича тергов ҳақида ҳеч қандай xабар йўқ.

Эслатиб ўтамиз, 63 ёшли ёзувчи Нурулло Отахонов (Нуруллоҳ Муҳаммад Рауфхон) Туркияда икки йиллик ихтиёрий қувғинда яшаб келган. Файзулло Отахонов ижтимоий тармоқлардаги шарҳига кўра, "отаси тақдири борасида нима бўлиши ҳали номаълум, ҳуқуқ-тартибот органлари ҳеч қандай тушунтириш бермаган".

Таъкидлаш жоизки, Нурилло Отахонов президент Шавкат Мирзиёев Нью-Йоркда хорижда яшаётган ватандошларига қилган уйга қайтишга чақириғидан кейин Ўзбекистонга қайтишга қарор қилган биринчи ўзбек диссидентидир.

Тошкент ИИББ бошлиғи ўринбосари Дониёр Тошхўжаев ўтган ҳафта бўлиб ўтган брифингда ёзувчи Нурулло Отахоновнинг пойтахт аэропортида қўлга олинганига изоҳ берди. Унга кўра, Отахонов Нуруллога нисбатан 11 май куни 159-модда бўйича [Жиноят кодекси — Ўзбекистон Республикасининг конституциявий тузумига тажовуз қилиш] жиноий иш қўзғатилди. Терговчиларнинг сўзларига қараганда, Отахоновнинг ушланишига унинг Туркияда чоп қилинган “Бу кунлар” китобидаги ғоялар сабаб бўлди.

XS
SM
MD
LG