Ссылки доступа

Каталония аҳолисининг 90% Испаниядан озод бўлиш учун овоз берди


Каталония мустақиллиги учун Испаниянинг мазкур минтақасида куни кеча бўлиб ўтган референдум иштирокчиларининг 90 фоизи овоз берди. Бу ҳақда душанба куни ўтказилган матбуот анжуманида Каталония ҳукуматининг расмий вакили Жорди Турулл маълум қилди, дейилади Reuters хабарида.

Унинг сўзларига қараганда, референдумда 2,3 миллион киши иштирок этди. Улардан икки миллиони Каталонияни Испаниядан ажралиб чиқишини қўллаб-қувватлади, 176 минг нафари эса мустақилликка қарши чиқди.

Каталония ҳукумати раҳбариКарлес Пучдемон бундан аввал баёнот бериб, минтақа аҳолиси мустақил давлат ҳуқуқига эга бўлиш учун муносиб эканлигини таъкидлаган эди. У овоз бериш легитим эканлигини айтиб, тез орада унинг натижаларини парламентга тақдим қилишга ваъда берди.

Испания бош вазири Мариано Рахой баёнот бериб, ҳеч қандай референдум бўлмаганини, балки "инсценировка" ўтганини таъкидлаб ўтди. РахойКаталониядаги тартибсизликлар ва зўравонликлар учун масъулиятни мухторият ҳукумати зиммасига юклади. Сўнгги маълумотларга кўра, полиция билан бўлиб ўтган тўқнашувларда 844 киши жароҳат олди. Испания ИИВ 12 нафар полиция ходими жароҳат олганини маълум қилди. Каталония расмийлари Европа Иттифоқига мурожаат қилиб, вазиятга аралашишга чақирди.

Каталониянинг мустақиллигига бағишланган референдум 1 октябрь куни бўлиб ўтди. Мадрид овоз беришга йўл қўймасликка ваъда берган эди. Испания Конституциявий суди қарорига кўра референдум қонунга зид дея эълон қилинди. Бундан аввал икки мингдан ортиқ сайлов участкасининг 300дан ортиғи полиция томонидан муҳрлангани ҳақида хабар тарқатилган эди.

XS
SM
MD
LG