Ссылки доступа

Тожикистонда Википедия жазоланиши мумкин


Тожикистон ҳукумати қошидаги тил ва иборалар бўйича қўмита Википедиянинг тожик бўлимини мақолаларда грамматик хатоларга йўл қўймаслик лозимлигидан огоҳлантирди. Қўмита мутахассислари универсал интернет-энциклопедия тожик тили меъёрларини бузгани учун жавоб бериши кераклигини талаб қилмоқда.

Қўмита раисининг ўринбосари Саодатшо Матробиённинг 2 октябр куни айтишича, икки ҳафта мабойнида мутахассислар Википедиянинг тожик тилидаги мақолаларини ўрганишган ва жуда ҳам кўп орфографик хатоларни топишган. Мақола муаллифлари ва таржимонлар тожик тилининг меъёрларига эътибор қаратишмаган.

Қўмита вакилларнинг фикрича, нутқ меъёрларига бепарволик тиниш белгиларига эътибросизликка олиб келган.

Мутахассисларнинг хулосасига кўра, Википедиянинг тожик сегментида “Тожикистон Республикасида давлат тили тўғрисида”ги қонун ва ҳукуматнинг тожик орфографияси қоидалари тасдиқланган 458–сонли қарорининг бузилишларига йўл қўйилмоқда.

Тожикистон ҳукумати қошидаги тил ва иборалар бўйича қўмитаси зудлик билан тожик тилидаги мақолалардаги барча грамматик хатолар тузатилиши лозимлигини талаб қилди. Акс ҳолда Википедия қонун олдида жавоб бериши керак бўлади.

«Википедия» — эркин фойдаланиш имконияти бўлган кенг қамровли кўп тилли универсал интернет-энциклопедия ҳисобланади. Сайтга 39та минтақавий ваколатхонаси бўлган Американинг нотижорат «Викимедиа жамғармаси» эгалик қилади. Википедиянинг тожик бўлимида 69 мингдан ортиқ мақола бор.

XS
SM
MD
LG