Ссылки доступа

Путин сўнгги 5 йилда илк бор Туркманистонда бўлди


Россия Президенти Владимир Путин 2 октябрь куни расмий ташриф билан Туркманистонда бўлди. Бу Россия президентининг сўнгги беш йилда Туркманистонга илк келишидир. Ташриф Туркманистон президенти Гурбангули Бердимуҳамедовнинг таклифига билан амалга ошди.

Икки президент ўртасида бўлиб ўтган учрашув тафсилотлари ҳозирча номаълумлигича қолмоқда. Кремль матбуот хизмати музокараларда турли соҳалар бўйича икки томонлама ҳамкорлик масалалари муҳокама қилингани ҳақида хабар берди, холос. Туркманистон расмий ОАВлари хабари ҳам навбатчи иборалар билан чекланган. «Олий даражадаги учрашувда давлатлараро алоқаларнинг устивор масалалари муҳокамма қилинади», дея хабар берган эди Туркманистон Давлат Ахборот агентлиги ташриф арафасида.

Ашхобод ва Москва ўртасидаги икки томонлама муносабатларни, айниқса, 2016 йил бошларидан Россия икки томонлама ҳамкорликнинг асосини ташкил қилувчи туркман газини сотиб олишни тўхтатганидан сўнг мустаҳкам деб бўлмайди.

Шундан бери икки томонлама муносабатлар рамзий мулозаматлар билан чекланмоқда, масалан, шу йилнинг ёзида Путин туркман президентини Александр Невский ордени билан мукофотлади.

“Озодлик” радиосининг туркман хизмати шу йил бошида Бердимуҳамедов туркман газини экспорт қилишни кўпайтириш масаласида Туркия президенти Режеп Эрдўғонинг қўллаб-қувватлашига эришишга интилаётгани ҳақида маълум қилган эди. Манбаларнинг маълум қилишича, туркман етакчиси турк раҳбарларидан 2019 йилда фойдаланишга топшириладиган «Турк оқими” Россия-Туркия қувури орқали туркман газини харид қилиш масаласида ёрдам беришни сўраган.

XS
SM
MD
LG