Ссылки доступа

ҚР расмийлари сайловларда жиноятчилардан фойдаланилмаётганига ишонтирмоқда


“Ҳукумат сайловларда криминалдан фойдаланмоқда”, деб берилган баёнот ҳақиқатга тўғри келмайди. Бу ҳақда ҚР бош вазирининг ўринбосари Темир Жумақадиров баёнот берди. Унинг сўзларига қараганда, «сўнгги воқеалар жиноятчилардан кимлар фойдаланаётганини кўрсатиб қўйди».

- Менининг фикримча, сиёсатда жиноий доиралардан кимлар фойдаланаётгани халққа тушунарли бўлса керак. Бизнинг жамият бунга албатта ўз жавобини беради. Ҳуқуқий маънода, айни дамда тергов ишлари давом этмоқда. Ўйлайманки, судда ҳам тўғри баҳо берилади ва тегишли ҳукм чиқарилади.

Темир Жумақадиров ўз сўзига қўшимча қилар экан, ҳуқуқ-тартибот идораларининг уюшган жиноятчиликка қарши кураши 2010 йил ва ундан аввалги йилларга нисбатан яхши самараларни бераётганини таъкидлади:

- Бугун бу соҳада катта муаммолар йўқ. Бироқ, минг афсуски, айрим сиёсатчиларимиз ўзларининг мақсадлари йўлида Уюшган Жиноий гуруҳ вакилларини жалб қилишга уринишмоқда. Шунга қарамай уюшган жиноятчиликка қарши етарли даражада кураш олиб борилмоқда. Бу масала бўйича Бош прокуратура ўз баҳосини беради.

Эслатиб ўтамиз, 30 сентябрь куни ҚР Миллий Хавфсизлик Давлат қўмитаси Жоғорку Кенешнинг «Қирғизстан» фракциясидан депутати Қанатбек Исаев ва уюшган жиноий гуруҳнинг айрим аъзоларини ҳибсга олди. Улар ҳокимиятни куч билан эгаллаб олишга тайёргарлик кўрганликда айбланмоқда.

Уларга нисбатан Бош прокуратура ҚР Жиноят кодексининг 27 моддаси (“Жиноятга тайёргарлик кўриш”), 233 моддаси (“Оммавий тартибсизликлар”) ва 265 моддаси (“Хокимиятни куч билан эгаллаш ёки ҳокимиятни куч билан ушлаб туриш”) бўйича жиноий иш қўзғади. Ўша куннинг ўзида парламент депутати МХДҚнинг вақтинчалик изоляторига олиб келинди. Бишкекдаги Биринчи май туман суди депутат тергов тугагунга қадар ҳибсда ушлаб турилиши борасида қарор қабул қилди.

XS
SM
MD
LG